Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси акциядорлик жамиятида илк маротаба олтин олди-сотди савдоси амалга оширилди. Биржада ушбу қимматбаҳо металл сотувчиси сифатида Олмалиқ КМК АЖ иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси акциядорлик жамияти биржа савдоларида қимматбаҳо металларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида ги қарорига мувофиқ, маҳаллий товар хом-ашё биржасида қимматбаҳо металларни сотиш бошланди.
Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, ўтказилган савдо якунларига кўра, Au-1 маркали 209,06 миллион сўмлик 600 грамм олтин сотилган. Айни пайтда биржа котировкаси бошланғич нархда сақланган ва 1 грамм олтин учун 348,4 минг сўмни ташкил этган.
Қимматбаҳо металлар биржа савдолари мамлакатимиз қонунчилигига биноан биржа савдолари ва ҳисоб-китоб клиринг хизмат кўрсатиш тартиб-қоидалари бўйича амалга оширилади. Бундан ташқари, маҳаллий биржада харид қилинган қимматбаҳо металларни экспортга сотиш тақиқланган.
Заргарлик ва бошқа буюмларни ишлаб чиқарувчилар биржа савдоларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган қимматбаҳо металл ва тошлардан заргарлик ва бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни тақдим этишлари зарур.
Manba: uza.uz