Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида кўп йиллардан буён эрта пишар тарвуз етиштириш анъанаси давом этмоқда. Жорий мавсумда ҳам ҳудудда тарвуз ҳосили одатдагидан эрта пишиб етилди. Айни кунларда далалардан йиғиб олинаётган маҳсулотлар ички бозорларга етказиб берилиши билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, бу йил туманда жами 20 минг гектар майдонда тарвуз экинлари парвариш қилинди. Шундан 10 минг гектар майдонга “Долби” навли тарвуз экилган бўлиб, ушбу нав сувсизлик ва иссиқ иқлимга чидамлилиги, юқори ҳосилдорлиги ҳамда экспортбоплиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, “Долби” навининг бошқа тарвуз турларига нисбатан анча эрта пишиши деҳқонлар учун муҳим устунлик яратмоқда.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан экспорт жараёнларини тезкор ва қулай ташкил этиш мақсадида маҳсулотларни божхона режимида расмийлаштиришда енгилликлар яратилмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлар ва экспортёрларга амалдаги тартиб-қоидалар юзасидан доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар Қашқадарё вилоятида рўйхатдан ўтган ташкилотлар томонидан 22 минг тоннадан ортиқ тарвуз маҳсулоти “експорт” божхона режимига расмийлаштирилган.