Бугун 13 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Тошкентдаги иссиқхоналар фаолиятини экологик талаблар асосида давом эттириш таклиф қилинди

Тошкентдаги иссиқхоналар фаолиятини экологик талаблар асосида давом эттириш таклиф қилинди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳри ва пойтахт минтақасидаги иссиқхона хўжаликларига экологик тоза иситиш технологияларини жорий этиш шарти билан фаолиятини давом эттиришга рухсат беришни таклиф қилмоқда.

Таклифга кўра, иссиқхоналар табиий ва суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши мумкин.

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имконияти бўлмаган ҳолатларда кўмир ёқишга ҳам рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бироқ бунда иссиқхоналар замонавий сертификатланган қозонлар, самарали фильтрлар ва чиқиндиларни тозалаш тизимлари билан жиҳозланиши, атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёрларга мос бўлиши шарт.

Шунингдек, экологик талабларга ўтадиган иссиқхона хўжаликлари учун субсидиялар ва солиқ имтиёзларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Қўмита маълумотига кўра, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхоналарнинг пойтахт минтақасида фаолият юритишига нисбатан тақиқ сақланиб қолади.

Таъкидланишича, пойтахт минтақасида тунги вақтда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва шамолсиз об-ҳаво шароитида атмосферада инверсия табиий ҳодисаси кузатилиши натижасида кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар бўйича фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари кўпайган. Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашгани, шунингдек, иссиқхоналарни иситиш мақсадида кўмирдан фойдаланиш оқибатида юзага келадиган нохуш ҳидлар ҳақида хабар берган.

Қўмита хабарига кўра, фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган барча ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар томонидан воқеа жойига чиққан ҳолда тегишли ўрганиш ишлари олиб борилган. Тошкент шаҳри атмосферасига ифлослантирувчи моддаларни чиқараётган шахсларга нисбатан зудлик билан қатъий чоралар кўриш учун ишончли маълумотларни олиш мақсадида ҳаводан намуналар олинган.

Киритилди: 23:14 12.10.2026. Ўқилди: 252 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!