Тошкент шаҳридаги 75 та маҳаллада маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш билан шуғулланаётган корхоналар билан тузилган давлат-хусусий шериклик битимлари муддати узайтирилмайди.
Бундан ташқари, яна 65 та маҳаллага хизмат кўрсатадиган корхоналар билан битим муддати 6 ой муддатга синов тариқасида узайтирилади.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди.
Санитар хизмат кўрсатувчи муқобил корхоналар билан ДХШ битимлари 2019 йил февралида, 5 йил муддатга тузилган.
Битим муддати узайтирилмайдиган корхоналар томонидан хизмат кўрсатиб келинган маҳаллалар “Махсустранс-ИЧБ” ДУКга топширилади.
Бундай корхоналарнинг мавжуд дебитор ва кредитор қарздорликлари биллинг тизими билан таққосланиб, ҳаққонийлигига аниқлик киритилади. Уларнинг бошқарувига берилган моддий бойликлар ва юзага келган дебитор ва кредитор қарздорликлар хатлов натижаларига кўра давлат томонидан қайта қабул қилиб олинади.