Мажбурий ижро бюросининг Чилонзор туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига асосан, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2013 йил 29 октябрдаги суд ҳужжати билан қарздор А.Ф.дан ундирувчи З.Ф. фойдасига вояга етмаган фарзанди таъминоти учун унинг даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Дастлаб ижро ҳужжати талаблари асосида алимент маблағлари ундириб келинган. Бироқ кейинчалик қарздор ота томонидан суд ҳужжатида белгиланган алимент мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаётгани аниқланган.
Шундан сўнг давлат ижрочилари томонидан алимент тўловларининг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш, қарздорнинг даромад манбалари ва молиявий имкониятларини ўрганиш мақсадида тегишли идораларга сўровлар юборилди.
Хусусан, қарздорнинг даромадлари ҳақида маълумот олиш учун солиқ органига сўров йўлланиб, олинган маълумотлар асосида алимент мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилди.
Натижада қарздор А.Ф.нинг алимент бўйича жами қарздорлиги 752 044 654,49 сўмни ташкил этгани аниқланди.
Қарздорга фарзанд таъминоти учун алимент тўлаш унинг нафақат қонуний, балки ота-оналик мажбурияти экани тушунтирилиб, қарздорликни бартараф этиш юзасидан бир неча бор огоҳлантирилди.
Бироқ берилган огоҳлантиришларга қарамасдан, қарздор алимент мажбуриятини ихтиёрий равишда бажариш чораларини кўрмади.
Шундан сўнг давлат ижрочилари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қарздорга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47⁴-моддаси асосида зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Судда иш кўриб чиқилаётган бир пайтда эса қарздор учун вазиятнинг жиддийлиги янада ойдинлашди. Яъни алимент мажбуриятини бажармасликнинг қонуний оқибатларини англаган А.Ф. фарзанди таъминоти учун ҳисобланган 752 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб берди.
Натижада вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун узоқ вақт давомида тўпланган қарздорлик тўлиқ бартараф этилди.
Шу муносабат билан қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47⁴-моддаси асосида юритилган иш мазкур Кодекснинг 271-моддасига асосан тугатилди.
Ушбу ҳолат яна бир бор алимент мажбуриятларини ўз вақтида ва виждонан бажариш зарурлигини кўрсатади. Чунки алимент — оддий қарз эмас, балки фарзанднинг кундалик эҳтиёжлари, таълим-тарбияси ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган маблағдир.
Фарзанд таъминотидан бўйин товлаш эса унинг ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита таъсир қилади. Шу боис ҳар бир ота-она фарзанди олдидаги қонуний мажбуриятини ўз вақтида бажариши, алимент тўловларини кечиктирмаслиги ва қарздорликнинг ортиб боришига йўл қўймаслиги лозим.