Тошкентда “MINEX Central Asia 2025” форуми бўлиб ўтди
“Критик минерал ресурслар хавфсизлигида Марказий Осиёнинг ролини ошириш” шиори остида “MINEX Central Asia 2025” халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Тоғ-кон ва геология вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Технологик металллар комбинати ташаббуси билан ташкил этилди.
Форумнинг очилиш маросимида MINEX форуми Ижроия қўмитаси раиси Артур Поляков, Тоғ-кон ва геология вазирлиги масъуллари, Технологик металллар комбинати бошқарув раиси Фарҳод Абдуллаев ҳамда қатор раҳбарлар сўзга чиқиб, форумни тантанали равишда очиб беришди. Маросим доирасида MINEX форуми Ижроия қўмитаси раиси томонидан форум ташаббускорларига расмий миннатдорлик номалари топширилди.
Форумнинг асосий сессияларидан бири “Ўзбекистоннинг критик минераллар таъминотидаги глобал етакчилигини мустаҳкамлаш” мавзусига бағишланди. Унда ТМК вакиллари томонидан қазиб олиш, қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш орқали самарадорликка эришиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда тоғ-кон соҳасига оид қонунчилик ислоҳотлари, инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, инвестициявий хатарларни камайтириш, халқаро стандартларга мос тартибга солиш тизимини жорий этиш, институционал салоҳиятни ошириш ва очиқ, ишончли жараёнлар орқали инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида минтақавий ҳамкорлик, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда маҳаллий қўшилган қиймат яратиш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.
“MINEX Central Asia 2025”да АҚШ, Европа Иттифоқи, Франция, Австрия, Бельгия, Япония, Хитой, Корея, Туркия, Россия, Канада каби 21 та мамлакатдан 200 дан ортиқ дипломатик миссиялар, халқаро компаниялар, инвесторлар, ишбилармонлар ва геология соҳасининг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Форум доирасида иштирокчилар Геология музейи ва Технопаркка ташриф буюришди. Музейда хорижий меҳмонлар 12 та кўргазма залидаги экспозициялар билан танишишди. Технопаркда эса ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт йўналишлари ва қўшма лойиҳалар намойиш этилди.