Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 17 ёшли мактаб ўқувчиси футбол майдонидаги дарвоза тўсини қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Аниқланишича, Олмазор туманидаги 133-мактабнинг 11-синф ўқувчиси М.А. 2024 йил 27 сентябр куни соат 21:00-22:00 лар атрофида синфдошлари билан футбол ўйнагани борган.
Ўйин тугагандан сўнг М.А. стадион дарвозаси тўсинига осилган ва мувозанатни ушлай олмай йиқилиб тушган. Шу пайтда дарвоза йиқилиб уни босиб қолган.
Синфдошлар М.А.ни дарҳол дарвоза тагидан чиқариб олишган ва тиббий тез ёрдам машинасини чақиришган. Тез ёрдам машинаси 40 минутда етиб келган.
Оғир жароҳатланган М.А.ни Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг жонлантириш бўлимига олиб боришаётганда унинг жони узилган.
Тиббий хулосага кўра бемор қорин ёпиқ жароҳати, жигар ёрилиши, жигар венаси узилиши, ички қон кетиши, травматик шок оқибатида вафот этган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.