Ушбу халқаро анжуманни ташкил этиш таклифи Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида илгари сурилган эди. Анжуманда 30 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлардан 500 нафардан зиёд вакил қатнашиш истагини билдирди.
Конференция гибрид шаклда, яъни офлайн ва онлайн тарзда ўтказилади. Нуфузли форумнинг очилишида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет, БМТ Бош котибининг Ёшлар ишлари бўйича элчиси Жаятма Викраманаяке, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, ЕХҲТ Бош котиби Хельга Мария Шмидт ва бошқа халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари сўзга чиқиши кутилмоқда. Маърузалар ўзбек, инглиз, француз ва рус тилларида тақдим этилади.
Анжуман доирасида СOVID-19 пандемияси ёшларнинг заиф гуруҳларига таъсир ўтказаётган ҳозирги шароитда навқирон авлоднинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштироки, ёшларнинг сифатли таълим олиш ва ишлаб чиқаришда банд бўлишга тааллуқли имкониятларини рағбатлантириш чора-тадбирлари, йигит-қизларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар атрофлича кўриб чиқилади.
Конференцияда иштирокчилар ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун мавжуд халқаро механизмларни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қиладилар. Бунда барча ёшлар ўз ҳуқуқларидан тўла-тўкис, ҳеч қандай камситишларсиз фойдаланишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Конференция якунида Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш бўйича декларация қабул қилиш режалаштирилган.