Бугун 3 ноябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Тошкентда бизнес форум бўлиб ўтди

Тошкентда бизнес форум бўлиб ўтди

Тошкент шаҳрида мини-бизнес форуми ўтказилди. Тадбирда компания Dusel electronic uzbekistan вакиллари, давлат идоралари мутаассадилари, халқаро экспертлар ва бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Форумнинг асосий мақсади компаниянинг рақобатбардош устуворликларини тақдим этиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, хорижий инвестициялар учун имкониятларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.

Dusel Electronics Uzbekistan директори ўз нутқида компаниянинг миссияси, стратегик мақсадлари ва маҳаллий ҳамда халқаро бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди. Таъкидланишича, компания ишлаб чиқаришда инновацион технологияларни жорий этиш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу жиҳатдан, давлат томонидан охирги йилларда қабул қилинган ҳуқуқий асослар компания фаолиятини янада жадаллаштириши мумкин.

Форум доирасида Давлат солиқ қўмитаси вакили “Ишлаб чиқарувчилар учун солиқ имтиёзлари ва экспортни ривожлантиришнинг янги ташаббуслари” мавзусида сўзга чиқди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 16-мартдаги “Иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва инвестицион жозибадорликни оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида ишлаб чиқарувчи корхоналарга солиқ ставкаларда сезиларли енгилликлар белгиланиб берилгани қайд этилди. Шу билан бирга, экспортёрлар учун қўшимча қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам жорий қилинган бўлиб, 2024-йил якуни бўйича имтиёзли экспорт кредитлари ҳажми 1,2 трлн сўмни ташкил этгани алоҳида таъкидланди.

Божхона қўмитаси вакили ўз чиқишида ишлаб чиқарувчилар учун тақдим этилаётган божхона имтиёзлари ва соддалаштирилган тартиблар ҳақида маълумот берди. Жумладан, Президентнинг 2022-йил 10-августдаги қарорига мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорт қилаётган хомашё ва ускуналар учун божхона тўловларидан озод этилмоқда. Натижада, 2024-йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан импорт қилинган технологик ускуналарнинг 65 фоизи божхона имтиёзлари асосида киритилган.

Форум давомида халқаро эксперт ҳам сўзга чиқиб, глобал электроника саноатидаги асосий тенденциялар, рақамли трансформациянинг самарадорликка таъсири ҳамда инсон капиталини ривожлантиришнинг стратегик аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистон электроника бозорининг ҳажми кейинги уч йил ичида 30 фоизга кенгайган ва 2027-йилга бориб 2 миллиард АҚШ долларидан ошиши прогноз қилинмоқда.

Якунда форум иштирокчилари ҳамкорлик истиқболлари, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шерикликнинг янги имкониятлари ҳамда инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини муҳокама қилдилар.

Ушбу бизнес форум “PRO ART” компанияси томонидан ташкил этилиб, форум концерт дастурига уланди.

Киритилди: 16:15 03.10.2025. Ўқилди: 891 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!