Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашга қарши навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди.
Хусусан, 12-март куни ўтказилган рейд давомида пойтахт ҳудудида бир куннинг ўзида чиқинди ташлаш билан боғлиқ 16 та ҳуқуқбузарлик аниқланди. Ҳуқуқбузарларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 91прим 1-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва жами 11 миллион 375 минг сўм жарима қўлланилди.
Маълумот учун, МЖтКнинг 91прим 1-моддаси 1-қисмига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (375 000 — 1 125 000 сўм), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (3 750 000 — 7 500 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 875 000 — 3 500 000 сўм), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (7 500 000 — 11 250 000 сўм) миқдорда жарима солинади.
Рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.