“Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона пости ходимлари томонидан “Истанбул-Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган бир гуруҳ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишли тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Унга кўра, фуқароларнинг қўл юклари ва багажлари текширилганда, божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, сифат кўрсаткичларини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган, ҳеч қандай рухсатномасиз жами 358 қути ичида 9 210 дона “KETO FORM SLIMMER COFFEE” номли биоактив моддаларга ўхшаш кукунсимон маҳсулотлар борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ эксперт-криминалистика бош маркази томонидан судга оид кимёвий экспертиза хулосаларига кўра, мазкур маҳсулотлар таркибида “сибутрамин” ва “кофеин” моддалари мавжуд бўлиб, “сибутрамин” моддаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 августдаги 399-сонли қарорининг “Кучли таъсир қилувчи моддалар” рўйхатидаги №60 тартиб рақамида кўрсатиб ўтилган республика ҳудудида муомаласи чекланган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйҳатига киритилганлиги маълум қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилди.