Бугун 20 сентябрь, 2019 йил, жума

O'ZB

Тошкент шаҳрида жамоат транспортлари нархларининг бу тарзда оширилиши тўғрими?

Тошкент шаҳрида жамоат транспортлари нархларининг бу тарзда оширилиши тўғрими?

Маълумки, август ойи мамлакатимизда истеъмолчилар қатлами учун ёқимли бўлмаган янгиликларга бой бўлди. Ой бошида бозорларда истеъмол товарлари нархлари ўсган бўлса, 15 августдан бошлаб газ, электр энергияси ҳамда сув нархларининг ошиши жараённинг мантиқий давоми бўлди.

Электр энергияси, газ ҳамда сувнинг нархи айни санада ошиши тўғрисида анча олдин эълон берилгани сабаб кўпчилик бу ҳолатга тайёр эди. Аммо, пойтахтда юз берган яна бир "қимматлашиш" ҳолати борки, бу кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда. Гап пойтахтимизда фаолият юритувчи жамоат транспортларига тегишли.

15 августдан буён жамоат транспортларидан фойдаланаётган юртдошларимиз ушбу хизмат учун кондукторга одатий миқдорда пул узатиб мулзам бўлмоқда. Пойтахтда йўл ҳақи учун тўловлар миқдори ошди! 

Тошкент шаҳрида жамоат транспортлари учун тўловлар охирги марта 2016 йилда оширилган бўлиб, нарх ўсиши ўша пайтдаги тўловнинг 50 фоизини ташкил этган. Балки шу сабаб, 3 йилдан буён жамоат транспортлари тўлов ўзгармай келаётган эди. Август ойининг ўртасига келиб эса бунга чек қўйилди.

Бизни таажжубга солгани, ушбу ҳодисанинг олдиндан эълон қилинмай тўсатдан амалга оширилгани бўлди. Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошшаҳартрансхизмат акциядорлик компаниясига мурожаат қилдик. 

Компания матбуот хизмати тузилмадаги нарх сиёсати Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги томонидан бошқарилишини маълум қилди. Маълум қилинишича, Траспорт вазирлиги томонидан тавсия этилган нарх қиймати Молия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилади ва маъқулланади.

Кўриб турганингиздай, шунча ташкилот томонидан кўриб чиқилган ва маъқулланган "нарх сиёсати"да энг сўнгги ва асосий босқич, оммага эълон қилиш масаласи ёддан чиқарилган. Бу эса йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ахир, одатда бундай ишлар аввало ой бошида амалга оширилар эди. Қачондан ва қанча миқдорда оширилиши ҳақида эса бир неча кун олдин расмий манбалар орқали хабар топар эдик. 

Ойнинг ўртасида йўл ҳақининг оширилиши ва бу ҳақда йўловчиларнинг транспорт воситасига чиқибгина хабар топиши истеъмолчилар учун камида ҳурматсизлик. 

Ушбу ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлигининг жавобини кутиб қоламиз.

Киритилди: 12:29 16.08.2019. Ўқилди: 1275 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!