Бугун 28 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Тошкент метро тарихида илк бор: аёллар машинистликка тайёрланмоқда

Тошкент метро тарихида илк бор: аёллар машинистликка тайёрланмоқда

"Тошкент метрополитени" тизимида хотин-қизларга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, тарихда илк маротаба Тошкент метрополитенида аёлларни машинистликка тайёрлов ишлари йўлга қўйилди.

"Тошкент метрополитени" ДУК матбуот хизмати ходими Тўйчи Мирзаевнинг маълум қилишича, махсус курсларда ўқиш истагини билдирганлар сони кўпчиликни ташкил этган. Лекин атиги 16 нафар талабгор суҳбат, тиббий кўрик ва психофизиологик текширувдан ўтишга муваффақ бўлган.

Ушбу тайёрлов жараёни 2024 йилнинг май ойидан бошланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар давом этмоқда. Махсус саралаш жараёнидан ўтган аёл-қизлар "Метроилм" (Метрополитен ходимларини тайёрлаш илмий-инновацион маркази) да таҳсил олмоқда. Шунингдек, ўқув жараёнлари Тошкент давлат транспорт университети ва техникумида ҳам олиб борилмоқда. Таълим олиш жараёни 11 ой давом этиши режалаштирилган.

Тўйчи Мирзаевнинг айтишича, курс тингловчиси бўлиш учун техник маълумотларга етарлича эга бўлиш керак. Бунга қўшимча тарзда ҳар бир тингловчи тиббий ва психофизиологик текширувлардан ўтказилади. Аёл машинистларни тайёрлов курсига қабул қилиш учун ёш чегараси (20 ёшдан 35 ёшгача) ҳам мавжуд. Курсни муваффақиятли якунлаб, имтиҳондан ўтган курсантларга апрель-май ойида сертификат тақдим этилади. Шундан сўнг, машинист ёрдамчиси сифатида 3 ой давомида ишлайди. Белгиланган синов муддати ўтганидан кейин, ички имтиҳон ҳам ўтказилади. Ушбу имтиҳондан яхши натижалар билан ўтган ходимлар электропоездни бошқариши мумкин. Илк фаолиятлари давомида улар буни мураббийлар назорати остида амалга оширади, сўнгра мустақил иш бошлаши мумкин.

Т.Мирзаевга кўра, Ўзбекистон МДҲ (Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги) орасида метро тизимида аёл машинистлари бўлган 2-давлат бўлади.

Киритилди: 17:19 08.05.2025. Ўқилди: 526 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!