Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов Туркия элчиси Олган Бекар билан учрашди. Томонлар ҳамкорлик ва Ўзбекистон-Туркия муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди, дея хабар қилмоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Шавкат Умурзоқов ўзбек-турк муносабатлари жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Туркия дипломатик корпусининг ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдаги ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Олган Бекар, ўз навбатида, унинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси якунига етаётганини маълум қилди. Элчи аввал муҳокама қилинган масалалар — турк мактабини кенгайтириш, Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига бериш ҳамда Тошкент шаҳрида Турк боғини ташкил этиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.
Хабарда айнан қайси кўча Отатурк шарафига аталиши очиқланмаган.
Учрашув якунида тарафлар ўзаро мулоқотни давом эттириш ҳамда ҳар икки давлат учун манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.