Тожикистон бош муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода 11 сентябрь куни пойтахт Душанбедаги марказий масжид яқинида содир этилган ҳужумда яраланган, деб хабар берди республика Ички ишлар вазирлиги.
Вазирлик маълумотларига кўра, номаьлум шахс масжиддаги намоздан сўнг руҳонийни «тешувчи буюм» билан пичоқлаган. Муфтий енгил тан жароҳати олган ва тиббий кўрикдан сўнг уйига жўнатилган.
Ички ишлар вазирлиги ҳужумчи қўлга олинганини қўшимча қилди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Уламолар кенгаши республикадаги мусулмонларнинг олий органи ҳисобланади. Фақат у фатво бериш ҳуқуқига эга - тожикистонликларнинг аксарияти сунний исломнинг ҳанафий мазҳаби тарафдорларидир.
Июнь ойида парламент исломий либослар ва Қурбон ҳайитини нишонлашни тартибга солувчи янги қонун лойиҳасини қабул қилганидан кейин Тожикистонда ҳижоб ва бошқа «хорижий кийимлар» кийиш расман тақиқланган эди.
Март ойида мамлакат президенти Имомали Раҳмон ҳижобни «хорижий кийим» деб атаган эди. Унинг вазирлар маҳкамаси муқобил сифатида анъанавий тожик миллий кийимларини тарғиб қилишга ҳаракат қилмоқда.
Июль ойида мамлакат ҳукумати бундан ҳам узоқроққа борди ва аҳолига қора кийим киймасликни тавсия қилди. Мамлакат расмийлари ҳам норасмий равишда эркакларни қалин соқол қўйишдан қайтаради.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Тожикистон расмийларининг ҳижоб ўраш қарорини эътиқод эркинлигининг бузилиши сифатида танқид қилишди.