Тож Маҳал мақбараси 1643 йилда муваффақиятли қуриб битказилди. Унинг буюклиги султон ва унинг севгилиси Мумтоз Маҳал номининг абадийлашишига сабаб бўлди. Шоҳ Жаҳон ва унинг севгилиси Мумтоз Маҳал хонимнинг муҳаббат тарихи мақбарага ташриф буюрувчиларга ҳикоя қилиб берилади. Беқиёс мафтункорликка эга бўлган ушбу мақбара ҳаммани ҳайратга солиши табиий.
Тож Маҳалнинг шуҳрат қозонишига сабаб унинг ноёб чиройга эга бўлишини ҳамда мақбарани қурилишида фойдаланилган оптик иллюзиялардир. Гап шундаки, мажмуа ҳудудига кириш учун дарвоза олдидаги аркадан ўтиш керак. Аркага яқинлашган сари мақбара узоқлашгандай туюлади, ташриф буюрувчилар аркадан ўтишлари биланоқ кўз ўнгиларида Тож Маҳал намоён бўлади. Мақбарадан узоқлашган сари эса у яқинлашаётгандек тасаввур ҳосил қилади, шунинг учун ҳам бу ерга келган меҳмонлар Тож Маҳални ўзлари билан олиб кетаётгандек ҳолга тушадилар.
Бино мажмуасида миноралар ҳам бор бўлиб, уларнинг қурилишида ҳам кичик бир ҳийла ишлатилган. Бир қарашда бу миноралар тик, яъни вертикал ҳолатда қад кўтаргандек туюлади, аслида эса улар қурилмадан озгина қияроқ ҳолда қурилган. Бу нарса Тож Маҳални зилзила вақтида вайрон бўлишдан сақлаб қолади. Миноралар баландлиги 42 метрни, мақбаранинг баландлиги эса 74 метрни ташкил этади.
Manba: odam.uz