Путин томонидан эълон қилинган уч кунлик сулҳга қарамай, Россия Украинага ҳужумларни давом эттирмоқда.
Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Никопол, Покровская, Красногригоревская, Мировская ва Марганец ҳудудларига дронлар билан ҳужум қилган ва артиллериядан ўққа тутган. 83 ёшли маҳаллий фуқаро яраланган, иккита хусусий уйга зарар етган.
Харков вилояти расмийлари сўнгги бир кун ичида иккита аҳоли пункти ўққа тутилгани, 11 ёшли бола жароҳатланганини маълум қилган. Бундан ташқари, россияликларнинг Волчанск шаҳри яқинидаги тўртта ҳужуми қайтарилган.
Херсон вилоятида 17 та аҳоли пункти артиллерия ва ҳаво ҳужумига учраган. Тўртта тураржой биноси шикастланган, бир киши ҳалок бўлган. Херсонда дрон ҳужуми оқибатида 60 ёшли маҳаллий фуқаро яраланган, у оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Запороже вилоятида отишма оқибатида маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби сўнгги бир неча кун давомида Россия армияси Украина бўлинмалари позисиялари ва аҳоли пунктларига битта ракета ва 18 та авиация зарбалари бергани, 32 та бомба ташлагани ва 2659 та дронлардан фойдаланиб ҳужум қилгани ҳақида хабар берган.