Термиз шаҳрида иккита «Ақлли бекат»нинг қурилиши якунланиб, тўлиқ жиҳозланди. Яна 8 та шундай бекатнинг қурилиши давом этмоқда.
Ишга тушган замонавий бекатларга ёзги-қишки кондиционер, жамоат транспорти ҳаракат жадвалининг таблоси, «Фуқаро—тезкор ёрдам хизмати» фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-fi интернет тармоқлари, видео назорати ҳамда USB электр тармоғи нуқталари ўрнатилган. Ҳар бир бекатда қуёш панеллари ҳам бўлиб, бу панеллардан олинадиган энергия бекатнинг ёритгичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр энергияси билан таъминлаш қувватига эга.
Бундан ташқари, энди бекатдаги одамлар сони тўғрисида тезкор маълумотлар тўплаш имконияти ҳам пайдо бўлган, бу йўналишдаги транспортни режалаштиришга шароит яратади. Шунингдек, бекатларда ва уларнинг ён-атрофида жамоат тартибини бузиш ҳолатлари бўйича тезкор маълумот олиш ҳам мумкин. Бекатларга банк тўлов терминаллари ҳам ўрнатилгани аҳолига яна бир қулайлик беради.
Бекатни жиҳозлашда майда нарсаларга эътибор қаратилгани ҳам диққатни тортмай қолмайди. Учта бўлинмага эга чиқинди қутичалари ахлатларни турларига қараб ажратиш имкониятини беради. Бу ўз навбатида аҳолининг экологик маданиятини ўсишига ҳисса қўшади. Бекатларга ўрнатилган пойабзалларни тозалаш ускуналари йўловчиларни саранжом-саришта юришларига, жамоат транспортининг озода сақланишига сабаб бўлади.
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати
Инновацион бекатларда қулайликни таъминлаш мақсадида унинг орқа ва ён модуллари уяли поликарбонатли устунлардан иборат бўлиб, ламинатланган қулай ўриндиқлар билан жиҳозланган. Мавсумий иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда бекатлар очиқ ва ёпиқ кутиш залларидан иборат. Шунингдек, «ақлли» бекатнинг ўзгарувчан ҳаво иқлимига чидамлилигини ошириш мақсадида унинг ички томонида иқлимни назорат қилувчи мосламалар жойлаштирилган.
Бекатлар ойнабанд, аммо ойналари оддий эмас, инновацион. Шу ойналар кеч тушгач катта экран ролини ўйнай бошлайди. Улар орқали турли ижтимоий ва тижорат реклама роликларини намойиш этиш бошлаб юборилди. Бу роликларни бекатни ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам томоша қилиш имконияти мавжуд.
Ушбу инновацион бекатлар аҳоли учун ҳам, жамоат транспортлари қатнаши учун ҳам замонавий шарт-шароитларни яратиши билан кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Кейинчалик бундай бекатлар бошқа шаҳар ва туманларда қурилиши кутилмоқда. Термиз шаҳри ҳокимлиги томонидан шаҳарнинг ўзида яна 50 та «Ақлли бекат» барпо этилиши режалаштирилган.
Анчайин маблағ талаб қиладиган бу лойиҳанинг молиялаштирилишнинг ярми давлат томонидан амалга оширилган бўлса, ярми тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 28 ёшли тадбиркор Олимжон Саппаровга 14 фоизли имтиёзли кредит ажратилди.