Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси томонидан фуқароларнинг қарзи борлиги ва уни Telegram тармоғи орқали осонгина тўлаш мумкинлиги ҳақидаги фейк хабарлар кўплаб фойдаланувчиларга юборилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан МИБ ахборот хизмати “Дарё”га изоҳ берди.
МИБ номидан юборилаётган ёлғон хабарда гўёки фуқарода қарздорлик борлиги ва уни тўламаса жарима ундирилиши айтилган бўлиб, унда гўёки МИБга тегишли бўлган ҳавола орқали тўлаш мумкинлиги кўрсатилган. Ҳаволага кирган фуқаролар фирибгарлар уларнинг пластик карталаридаги пуллар ечиб олинаётганлигидан шикоят қилмоқда.
Шахсий рақамлар, ижтимоий тармоқлар орқали келган қарздорликни бартараф қилиш ҳақида ҳар қандай хабарлар фейк ҳисобланади ва Мажбурий ижро бюроси томонидан юборилмайди, хабарлар фақатгина, SMS хабар орқали ҳамда “МИБ” кўринишидаги аккаунтдан юборилади.
“Ҳурматли фуқаролар, шахсий маълумотларингизни сақлаш, киберҳужумларни олдини олиш мақсадида ўзингизга тааллуқли бўлган маълумотларни расмий бўлмаган ва шубҳа уйғотувчи платформаларга киритмаслигингизни сўраймиз, — дейилади МИБ изоҳида.
Бюронинг эслатишича, қарздорлик ҳақидаги ҳар қандай маълумотларни Бюронинг “МIB.uz” расмий сайти ва Бюрода мурожаатларни электрон қабул қилиш марказининг “1107” қисқа рақами орқали олиш мумкин.