2024 йилда Telegram мессенжери АҚШ расмийларига 900 та сўровни бажариб, 2253 нафар фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди, деб ёзади 404 Media ихтисослаштирилган сайти Telegram Transparency Reports боти маълумотларига таяниб. 1 январдан 30 сентябргача Telegram АҚШдан жами 108 фойдаланувчига таъсир қилган «IP манзиллар ва/ёки телефон рақамлари» бўйича бор-йўғи 14 та сўровни бажаргани инобатга олинса, бу 2024 йил августида Францияда мессенжер асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинганидан сўнг тақдим этилган маълумотларнинг катта ўсишидан далолат беради, деб таъкидлайди 404 Media.
Айни пайтда, бот 30 сентябрдан кейин Россиядан келган сўровлар бўйича маълумот бермаяпти, деб ёзди The Moscow Times 8 январ, чоршанба куни ва компания ҳисоботига кўра, Telegram 2024 йил тўққиз ойида Россия Федерациясидан бирорта ҳам сўровни бажармаганини таъкидлади.