Теҳронда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари, суиқасдда ҳалок бўлган Исмоил Ҳания билан видолашув маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Эрон президенти Масуд Пезешкиан ҳамда юқори мартабали фуқаролик ва ҳарбий амалдорлар иштирок этди.
Жаноза намози Теҳрон университети кампусида мамлакат руҳий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий иштирокида ўқилди.
Чекланган миқдордаги одамлар намоз ўқидилар, лекин минглаб одамлар университет дарвозаси олдида тўпланишди.
Маросимдан кейин ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг жасади Қатарга етказилади.
Жаноза намози ва жаноза маросими 2 август куни Қатар пойтахтида бўлиб ўтади
Видолашув маросими олдидан сўзга чиққан Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф Ҳания қотиллиги АҚШ координациясида амалга оширилганини айтди.
Ғолибаф Исмоил Ҳаниянинг Фаластин мустақиллиги учун курашини олқишлади. «Биз биламизки, бу ҳужум Қўшма Штатлар кўмаги ва мувофиқлаштириши билан содир бўлган. Бизнинг вазифамиз бу қотилликка керакли вақтда ва керакли жойда жавоб беришдир», - дея таъкидлади Эрон парламенти спикери.