Теҳронда Эрон, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Молиявий протоколнинг биринчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига таяниб Mehr агентлиги хабар берди.
Музокараларда Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Жанубий Осиё бўйича Бош директори Муҳаммад Ризо Баҳромий, Ҳиндистон ТИВ қўшма котиби Ананд Пракаш, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ғуломжон Примқулов иштирок этди.
Томонлар бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб, уларнинг минтақада савдо-сотиқни ривожлантириш ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамиятини таъкидладилар.
Учрашувда иштирокчилар транспорт-логистика соҳаларида, хусусан, портлардан стратегик фойдаланиш ҳамда Россия Федерацияси, Эрон, Озарбайжон ва Ҳиндистоннинг қўшма лойиҳаси бўлган “Шимол-Жануб” халқаро транспорт йўлаги (ИНСТС) орқали ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратдилар.