Бугун 2 апрель, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Теҳрон Трамп мактубига жавоб берди

Теҳрон Трамп мактубига жавоб берди

Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий маълум қилишича, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон ядровий дастури бўйича мактубига чоршанба куни Уммон орқали жавоб жўнатилган. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги ёзган.

Мулозимнинг сўзларига кўра, номада мамлакатнинг ҳозирги вазият ҳақидаги фикри батафсил баён этилган.

Март ойи бошида Трамп Эрон олий раҳбари Али Ҳуманаийга хат ёзиб, ядровий дастур масаласида Теҳрон билан келишувга эришишни афзал кўришини айтган. Кейинроқ Вашингтон бу муаммони ҳал қилишнинг икки – ҳарбий ёки дипломатик йўли кўриб чиқилаётганини таъкидлаб, музокарага устуворлик берилишини таъкидлаган.

“Axios” портали эса Америка етакчиси ўша хат орқали янги ядровий битим тузиш учун икки ой муддат белгилагани ҳақида ёзди.

2015 йил Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция Эрон билан мамлакатнинг ядровий дастурини чеклаш эвазига санкцияни бекор қилиш назарда тутилган келишувни тасдиқлади. 2018 йил майда, яъни Трампнинг аввалги президентлиги даврида Қўшма Штатлар ушбу битимдан чиқди ва Теҳронга қарши санкцияни тиклади. Бунга жавобан Эрон ҳам ўз мажбуриятини босқичма-босқич қисқартириш, хусусан ядровий тадқиқот олиб бориш ва уранни бойитиш даражасини чеклашдан воз кечишини эълон қилди.

– Ҳозирги шароитда Эрон томони “нимадир ўзгармаса”, АҚШ билан музокарага кириша олмайди, – дея хулоса қилган Арақчий. – Теҳрон бу жараёнда Вашингтон билан мулоқот бўйича мавжуд салбий тажрибага, бунинг республика учун оқибатларига таянади.

Киритилди: 16:00 28.03.2025. Ўқилди: 956 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!