Севимли санъаткоримиз Охунжон Мадалиев ҳақидаги маълумотни кўриб беҳад таъсирландим.
Укаси унинг тўйда қўшиқ айтиб туриб, вафот этганини айтибди.
Дастлаб у Тошкентдан чарчоқ қайтибди...
Юрак хуружидан кетибди...
Хомуш юрибди, сўнгги кунларда...
Ҳа, Тошкентга келганида мени йўқлаб «Тонг юлдузи» таҳририятига келди. Дабдурустдан бундай ташрифдан ҳайрон қолдим, юзма-юз таниш эмасмиз. Шеърларимни ҳам қўшиқ қилиб айтмаган...
Аёл ходимларим чой дамлабми-ей, алмисоқдаги хатларнинг оқибатини сўрабми-ей, кетма-кет хонамга кириб туришибди. Сезяпман, улар Охунжонни бир кўриш иштиёқидалар. Аммо Охунжон на гўзал ходималаримизга эътибор берди, на мен эсдаликка ёзиб берган китобимга! Чойни ҳам чала ичиб, деразага юзланди. Узоқ тикилди, мен эса қўлидан қўймай ўтиргани — ўралган оқ қоғозига ишора қилдим.
— Айтганча, бу сизга, Умида опа! Мени эслаб юрасиз!
У қоғозни очди, ичидан «визитка»си ва сурати туширилган катта ва кичик календарь чиқди. Мен раҳмат, деб олдим ва кичигини тортмамга солдим. Каттасини эса қаршимга қоқиб қўймоқчи бўлдим. Ўзи қарашиб юборса-да, на кўзида кулгу, на дилида қувончли туйғу бор эди!
“Нега келди-ю, нега бефарқ?” ўйлардим мен. Беихтиёр маҳалламиздаги тўйда қўшиқ айтган Рустам Қори турмуш ўртоғим билан танишиб қолиб, тўй тугагач, ярим тунда бизникига кириб келганини эсладим. Яхши кўрмаса-да, қалб кўзи очиқ бу инсоннинг чинакам овозига маҳлиё эдим. Уйимда уни кўриб туришим беҳад ҳайратлантирганди. Шеърларимдан, ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким сўраб олмаганидан ўқишимни сўради. Мен эса шеърларимни ёд билмайман, деб унга китобимдан бирини ёзиб бергандим. Хайрлашиб кетди ва мени ҳайрон этди, узоқ фотиҳа ўқиб!..
Мендан ёшу, бунча кексалардек сермулоҳаза?
Нега келди-ю, нега кетди, асосий гапни фақат ўзимизга гапиртириб, фақат фотиҳа ўқишини ҳисобга олмаганда? Эртасига эса шум хабар тарқалди, унинг фожиали ўлими ҳақида!
Ўшанда Охунжоннинг хомуш ва ҳардамхаёллигидан юрагим орқамга тортиб кетганди, негадир, кимларнидир ўйлаб!
У дунёдан, даҳмаза-ю машмашалардан тўйган, қарашлари ҳиссиз, тушкун ва изсиз одамдек хавотирга солганди мени!
У ўтди... Унинг сурати туширилган календарь хонам деворида йил бўйи осилиб турди.
Ўзи, ўша кунги кўриниши эса мени ҳамон тарк этмайди!
Аллоҳ чақирган бандалар шундай соя бўлиб юраркан-да?..
Ҳа, мени йўқлаб келган — Охунжоннинг сояси эди.
Умида Абдуазимова