18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш ва миграция жараёнларини халқаро стандартлар асосида йўлга қўйиш масалалари юзасидан ахборот берилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларни меҳнат қилиш учун чет элга тартибли жўнатиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар туфайли меҳнат бозори диверсификация қилинмоқда, фуқаролар асосан юқори маошли иш ўринларида ишлаш учун хорижга кетмоқда. Натижада 2016 йилга нисбатан чет элда ишлаётган фуқароларнинг сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган маблағ 3,8 миллиард доллардан 2025 йилнинг ўн ойи якунида 15,8 миллиард долларга етди.
Тақдимотда хорижий меҳнат бозорида малакали мутахассисларга катта талаб борлиги қайд этилди. Ҳозирда 140 минг нафар мутахассисга буюртма мавжуд, аммо тил ва касбий малака бўйича талабларга жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш борасида қилинадиган ишлар ҳали кўплги кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, меҳнат миграцияси хизматлари тарқоқ бўлгани учун одамлар оворагарчиликка дуч келмоқда.
Шу мақсадда соҳадаги хизматларни тартибга солиш, барча жараёнларни “ягона дарча” тамойили асосида бирлаштириш вазифаси қўйилди.
Тошкент шаҳри Учтепа туманида “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термиз шаҳрида “Ягона миграция хизматлари” маркази ташкил этилади. Пойтахтнинг Яшнобод туманида эса халқаро компаниялар билан ҳамкорликда немис ва япон тилларига ўқитиш мактаблари очилади.
Сўнгги йилларда Европа мамлакатларига миграция оқими 4 баробар кўпайгани таъкидланди. У ерда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Айни пайтда қатор Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмас. Президент томонидан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, хорижий давлатларда миграция бўйича атташе ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини кўпайтириш, мамлакатимиз ҳудудларида эса виза марказларининг кўчма офисларини очиш режалаштирилган.
Тақдимотда миграция хизматларини рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
“Хорижда иш” платформасида 25 турдаги хизмат тақдим этилмоқда, жорий йил бошидан буён 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Лекин хизматларнинг барчаси ҳам рақамлашмаган.
Президентимиз тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди. Платформада биометрик идентификация, хориждаги иш ўринларини реал вақт режимида кузатиш, фуқароларга масофавий маслаҳат беришни йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ахборот берилди. Миграция агентлигида фуқароларга туну кун тезкор ёрдам берадиган ситуацион марказ ташкил этиш таклиф қилинди.
Тақдимотда ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида халқаро аэропортларда интерактив миграция инфокиоскларини ўрнатиш, лицензиясиз фаолиятни амалга оширган консалтинг ташкилотлари учун жарима миқдорини ошириш таклиф қилинди. Жиноят кодексига ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва кўмаклашиш учун жавобгарлик киритиш масаласини ўрганиш топширилди.
Давлатимиз раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, меҳнат миграцияси жараёнларини янада қулай, хавфсиз ва шаффоф қилиш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.