Бугун 6 октябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

“Ташаббусли бюджет”: “Бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилди

“Ташаббусли бюджет”: “Бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилди

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Азимжон Ҳасанов шу ҳақда маълумот берди.

Қайд этилишича, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларни бюджет жараёнига кенг жалб қилиш ва уларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган. Шу сабабли, бугунги кунда мамлакатимиз барча ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ўз эҳтиёжи билан боғлиқ лойиҳаларни илгари сурмоқда.

Шундан келиб чиқиб, брифингда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги 2-мавсуми 6 июль санасидан бошланиши маълум қилинди. Бунда жорий мавсум 6 июлдан 1 сентябрга қадар, яъни 57 кун давомида 4 та босқич доирасида ўтказилиши режалаштирилган.

–1-босқичда, яъни 6-26 июль кунлари 20 кун давомида лойиҳалар шакллантирилади. Ушбу босқичда фуқаролар “Очиқ бюджет” портали орқали ўз ташаббусларини илгари суради. 26 июлдан 15 августга қадар саралаш босқичи ўтказилади. Ушбу босқичда 20 кун давомида ҳудудий ишчи комиссиялар келиб тушган лойиҳаларни белгиланган мезонлар асосида саралаб олади. 15 - 22 август кунлари саралаш босқичи якунларига кўра овоз бериш босқичига ўтказилган лойиҳалар бўйича тарғибот кампаниялари ташкил этилади. 22 августдан - 1 сентябрга қадар 10 кун давомида лойиҳаларга овоз бериш босқичи бўлиб ўтади. Қайд этиш жоизки, бунда кенг жамоатчилик таклифларини инобатга олган ҳолда, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида жорий мавсумда овоз бериш босқичи 10 кун давомида ўтказилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, илк маротаба овоз бериш босқичидан олдин лойиҳаларни тарғибот қилиш учун 7 кун муддат ажратилмоқда, – деди А.Ҳасанов.

Тадбирда жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш босқичида “Бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилгани таъкидланди. Унга кўра, бир фуқаро ўз номида бир нечта сим-карта бўлишига қарамай фақат битта рақамдан бир маротаба овоз бериш имкониятига эга.

Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, жорий мавсум учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

Киритилди: 11:42 05.07.2024. Ўқилди: 568 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!