“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган оздирувчи қаҳва маҳсулотларининг республикамиз ҳудудига олиб кирилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйишди.
Пойтахт аэропортида “Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган ва божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган йўловчилардан бири йўл сумкасида 2 турдаги 49 дона “Zerofit” ёзувли пакетчали кофеларни олиб киришга урингани аниқланди.
“Тошкент–АЭРО” ИБКнинг Контрабандага қарши курашиш шўъбаси ходимлари томонидан Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса олдиндан тезкор кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 5760 дона “Keta” номли оздирувчи қаҳва маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Ҳар иккала ҳолатда олиб қўйилган қаҳва маҳсулотлари Марказий божхона лабораториясида божхона экспертизасидан ўтказилганида, уларнинг таркибида “сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги аниқланди.
Мазкур модда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 октябрдаги 632-сон қарори билан алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган ҳамда республикамиз ҳудудида муомаласи чекланган.
Ушбу қарорга биноан таркибида сибутрамин, шунингдек, ўхшаш психоактив таъсирга эга бўлган унинг структуравий аналоглари 2025 йил 1 январдан фақат гиёҳвандлик воситалари ва/ёки психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали улгуржи ва чакана реализация қилинади (сотилади).
"Сибутрамин"нинг 0,5 грамми жиноий ҳаракатни таснифлашда кўп миқдор ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, “Тошкент–АЭРО” ИБК томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида аниқланган 36 та божхона қонунубузилиши ҳолатларида 57 кг. оғирликдаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг божхона чегаралари орқали олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.