Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

Тақиқ ― ягона ечимми?

A A A
Тақиқ ― ягона ечимми?

“Мен камчиликларимни эмас, дунёқарашими тўғирлайман. Шунда, камчиликларим ўз-ўзидан тўғирланади” ― Луис Ҳай.

“TEDxIstanbul’даги нутқида Доктор Мусафа Сари, Ван кўли атрофидаги экосистемасини қутқариб қолиш мақсадида амалга оширган лойиҳасидан бир неча илоҳомлантирувчи воқеаларни айтиб беради.

Шу нутқи давомида менинг диққатимни тортган воқеалардан бири шу бўлди:

“Лойиҳанинг мақсади Ван кўли атрофининг ноёб табият дурдоналаридан бири бўлган “inci kefalleri” балиқларини асраб қолиш, уларнинг кўпайиш мавсумида ноқонуний овланишига чек қўйиш ҳамда пала-партиш овлар оқибатида экосистеманинг бузилиб кетиши ҳавфидан кўл атрофидаги қишлоқ аҳолисининг онгини ва табиатга масъулиятини ошириш эди.

Лойиҳа давомидаги изланишлар, тушунтиришлар, агитация ва пропаганда натижасида кўл атрофидаги ўн иккита қишлоқдан тўққизтаси ўз хоҳиши билан кўпайиш мавсумида балиқ овлашдан, яъни броконерликдан воз кечади.

Аммо, қолган уч қишлоқ аҳолиси эса, балиқ овлашдан умуман воз кечмайди. Уларни огоҳлантирса ҳам, қўрқитса ҳам, отанг яхши, энанг яхши деса ҳам, фойдаси бўлмайди. Балиқ овлашни давом этаверади.

Муаммо борми, бор! Ҳал қилиш керакми, керак! Энди нима қилиш керак? Бош қотган.

Шунда, Доктор Мусафа Сари ва унинг жамоаси бизнинг тажриба ва дунёқарашимизга терс бўлган, аммо жуда оддий бўлган бир ишни қилади.

Нима дейсизми?

Муамммонинг сабабини ўрганиш учун жамоаларига таниқли жамиятшунос ва халқ билан ишлаш бўйича олимларни жалб этади. Яъни МУТТАХАССИСЛАРНИ!

Айнан нима сабабдан тўққизта қишлоқ воз кечган бу ишдан қолган уч қишлоқ воз кечолмаётганининг сабабини аниқлаш учун ҳам соҳани яхши биладиган муттахассис керак эди.

Мутахассислар ушбу қишлоқларда турли ижтимоий ўрганишларни ўтказади, ўша қишлоқ одамларининг икр-чикиригача ўрганиб чиқиб, охири муаммонинг ечимини топишади.

Ҳар қандай тақиқ, жазо, жарима, қамоқ ва бошқа усуллар билан ҳам тўхтатиб бўлмайдиган муаммонинг ечими жуда оддий бўлиб чиқади.

Буни топиш учун эса, албатта мутахассиснинг ёрдами керак эди. Айнан сиз ва биз, умуман бизнинг жамиятимиз менсимайдиган, социолог олимларнинг ёрдами.

Хуллас, масала ечилади. Қолган қишлоқлар ҳам мавсумда ов қилишдан воз кечади. Натижада, балиқлар сони кўпайиб, Ван кўлининг балиқчиликдан олган йиллик даромади 1 миллион доллардан 12 миллион долларгача кўтарилади.

Нақд ўн икки баробар!!!

Аслида, шу ерда шунчаки мавсумда балиқ овлашнинг жазосини бир неча ўн, балки юз баробар кучайтириб қўйса бўларди-ку, тўғрими? Анъанавий ечим. Бу жазо балким одамларни броконерликдан тўсиб турармиди, балки бюджетга ҳам кўпроқ маблағ тушар?!

Аммо, муаммо ҳал бўладими? Одамлар балиқ овлашдан, ва майли, ботмон-ботмон жарима тўлашдан, воз кечармиди? Йўқ, албатта.

Жазони айланиб ўтиш, жаримани айланиб ўтиш чораларини қидиради. “Ставка”лар кўтарилади. Лекин балиқлар кўпайиб қолмасди.

Жамиятда ҳар қандай масалани мана шундай мутахассислар орқали, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва унга туртки бўлаётган нарсаларга баҳам бериш орқали ҳал қилишга уринилмас экан, муаммолар ҳеч қачон бартараф бўлмайди. Истимани тушириш билан одам тузалиб қолмайди.

Тунги клубда пичоқлашдими? Дарров тунги клубларга “запрет” қўйиш керак эмас. Машиналар чорраҳада қизилда тўхтамаяпдими, жазони ошириш керак эмас. Балким, муаммо асфальтдадир? Ва бошқа юзлаб, минглаб муаммоларнинг сабаби нимада? Ечимичи?

Сиз биласизми? Унда ким билади?

“Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Анбиё сураси, 7-оят).

Доктор Мустафа Сарининг нутқи

Саид Комил

Azon.uz

Киритилди: 15:53 13.11.2019. Ўқилди: 1532 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!