Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Ширин Абдуллаеванинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
"Интилувчан, ёш бўлишига қарамай ҳаётда ўз ўрнини топган қизимиз Ширин Абдуллаеванинг вафоти барчамизни чуқур қайғуга солди.
Эндигина 19 ёшга кирган қизимиз ўз иқтидори, меҳнати билан илмда, санъатда ўзини намоён эта олган умидли ёшларимиздан бири эди. 2023 йилда санъат йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Хитойда таҳсил олаётган қизимизнинг келажакда Ўзбекистонимиз ривожига ҳисса қўшиш, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш каби юксак орзулари бор эди. Аммо, бешафқат ўлим уни орамиздан олиб кетди.
Шириннинг ота-онаси, яқинларига чуқур таъзиямизни билдирамиз", деб ёзди Т.Нарбаева.