Олмалиқ шаҳрида фуқаро Э.Ф. раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамият ҳудуди белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида бу ерда 90 туп “каннабис” (наша) гиёҳванд ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланди.
Республикамиз божхоначилари томонидан наркотик моддалар савдосига қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонун бузилишларига қарши курашиш бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида гиёҳванд ўсимликларнинг етиштирилаётгани фош қилинди.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, Олмалиқ шаҳрида фуқаро Э.Ф. раҳбарлигидаги маъсулияти чекланган жамият ҳудуди белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида бу ерда 90 туп “каннабис” (наша) гиёҳванд ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланди.
Бошқарманинг Контрабанда ва божхона қонунбузилишларига қарши курашиш бўлими томонидан эса Ўртачирчиқ туманида наркотик моддаларнинг яширин савдосига чек қўйилди.
Тезкор тадбир давомида, ушбу туманда истиқомат қилувчи фуқаро Т.С. қоғоз бўлакчаларидан тайёрланган 40 дона ўрамга 143,57 грамм оғирликдаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида фош қилинди. Шундан сўнг, ушбу шахснинг хонадони холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, 3 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги ва 52,5 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Manba: uza.uz