Жорий йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган назорат тадбирлари ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилмоқда. Бунда назорат қилувчи органнинг зиммасида текширишларни ўтказишнинг белгиланган тартибига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш мажбурияти сақланиб қолган. Назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган мулоқотларда бу борада доимий тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлишига қарамасдан, айнан назорат қилиш ваколатига эга бўлган мансабдорлар томонидан текширишларни белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда ўтказиш ҳолатлари давом этмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Тошкент вилояти ҳудудий шўъбаси томонидан жорий йилда назорат қилувчи органларда ўтказилган ўрганишлар давомида 20 дан зиёд мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлик фаолиятида текшириш ўтказиш тартибини бузиш ҳолатлари аниқланиб, бу мансабдор шахслар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилган.
Аниқланган хуқуқбузарликлар назорат органлари кесимида таҳлил этилганда ҳуқуқбузарлик содир этган ходимларнинг 9 нафарини ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳаси, 5 нафарини солиқ органи ходимлари, 4 нафарини қурилиш соҳасидаги назорат органлари ва 1 нафардан Монополияга қарши курашиш бошқармаси ва таълим соҳасидан назорат қилувчи органлар вакиллари ташкил этмоқда.
Вакил Девони томонидан бу борадаги ўрганиш ишлари бошқа соҳавий назорат органларида ҳам давом эттирилмоқда.