Мажбурий ижро бюросининг Олмазор туман бўлими иш юритувига Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарорларига асосан қарздор “A.B.L.T.” МЧЖдан ундирувчи “K.R.N.” МЧЖ фойдасига 648,5 миллион сўм, давлат фойдасига 796 463 сўм давлат божи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари, шунингдек, Тошкент шаҳар судининг қарорига асосан ундирувчи “C.M.” МЧЖ фойдасига 3,5 миллиард сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Шу тариқа, мазкур ижро ҳужжатлари бўйича қарздордан жами 4,2 миллиард сўм ундириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага ихтиёрий ижро муддати берилган бўлса-да, белгиланган муддатда ижро таъминланмаган. Шу сабабли, қонунчиликда белгиланган тартибда қарздорга тегишли “Malibu 2”, “Nexia 3” автотранспорт воситалари ҳамда махсус техника воситалари хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
Айни пайтда хатланган махсус техника ва автотранспорт воситаларини онлайн аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда. Сотув натижасида тушган маблағлар ундирувчи тадбиркорлар ҳамда давлат фойдасига йўналтирилиши белгиланган.