Сурхондарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси назоратчилари Олтинсой туманида ўтказган рейд тадбирлари чоғида Мингчинор маҳалласи ҳудудида Хайит Салимов (исм-шариф ўзгартирилди) ноқонуний қум-шағал қазиб олаётганига дуч келди.
Қонунга зид ҳолатда ўзбошимчалик билан бу ишга қўл урган Х.Салимовга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 3 миллион 400 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бошқарманинг Сариосиё тумани бўлими давлат инспекторлари Нодирабегим маҳалласи ҳудудидаги туман сув хўжалиги бўлимига тегишли ҳудудда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилган 26 туп мевали ва манзарали кўчатни қўпориб олган табиат зараркунандасини фош этди. Бу қилмиши билан у табиатга 36 миллион 700 минг сўм зарар етказгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Нозим Шопўлатовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 8 миллион 500 минг сўм жарима чораси қўлланилди.