Бугун 4 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Сурхондарёда Афғонистондан олиб кирилаётган 52 кг дан ортиқ наркотик модда тўхтатиб қолинди

Сурхондарёда Афғонистондан олиб кирилаётган 52 кг дан ортиқ наркотик модда тўхтатиб қолинди

Сурхондарёда йирик наркотик контрабандаси фош этилди: 52 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситалари ушланди.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва наркотик жиноятларга қарши тизимли кураш олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг «Айритом» чегара божхона пости ходимлари, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари вакиллари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистонга олиб киришга бўлган уринишнинг олди олинди.

2026 йил 1 октябрь куни соат 22:30 да Афғонистондан «Айритом» чегара божхона постига кириб келган бўш юк автомобили божхона назоратидан ўтказилган. Назорат жараёнида кинолог хизмат ити транспорт воситасига нисбатан белги берган.

Шундан сўнг 1993 йилда туғилган, Термиз туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги юк автомобили чуқурлаштирилган божхона назоратидан ўтказилган.

Натижада транспорт воситаси тиркамасининг пол қисми остига яширилган 98 та ўрам аниқланган. Урамлар рентген қурилмасини чалғитиш мақсадида полиэтилен, зарқоғоз ва скотч ёрдамида тўрт қават қилиб қадоқланган.

Текширув давомида 79 та ўрамда гашиш, 19 тасида эса опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Процессуал тартибда олиб қўйилган гиёҳвандлик воситаларининг умумий оғирлиги 52 килограмм 595 граммни ташкил этган. Шундан 42 килограмм 335 грамми гашиш, 10 килограмм 260 грамми эса опий бўлган.

Ҳисоб-китобларга кўра, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари қарийб 340 минг дозани ташкил этади.

Маълумот учун, 2026 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 1,9 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши ва яширин айланмасига чек қўйган.

Киритилди: 22:50 03.10.2026. Ўқилди: 312 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!