Бугун 10 апрель, 2026 йил, жума

O'ZB

Сўровнома: Венгрия аҳолисининг 77 фоизи Европа Иттифоқи аъзолигини қўллаб-қувватлайди

Сўровнома: Венгрия аҳолисининг 77 фоизи Европа Иттифоқи аъзолигини қўллаб-қувватлайди

Венгрия фуқароларининг катта қисми — 77 фоизи мамлакатнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо бўлиб қолишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар бўйича кенгаш томонидан ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижаларида маълум қилинди.

Сўровнома 26 мартдан 1 апрелгача ўтказилган бўлиб, унда 1001 нафар респондент иштирок этган.

Тадқиқотга кўра, венгрияликларнинг 75 фоизи турли даражада Европа Иттифоқига ишонч билдирган. Шу билан бирга, ЕИга тўлиқ ишонч билдирганлар улуши (23 фоиз) мамлакат етакчи сиёсатчиларига тўлиқ ишонч билдирганлардан кўпроқ экани қайд этилган.

Жумладан, бош вазир Виктор Орбанга тўлиқ ишонч билдирганлар 17 фоизни, мухолифатдаги «Ҳурмат ва эркинлик» партияси раҳбари Петер Мадьярга эса 19 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, сўров иштирокчиларининг 68 фоизи келгуси ҳукумат Европа Иттифоқи билан муносабатлардаги ёндашувни ўзгартириши керак, деган фикрни билдирган.

Ташқи сиёсат борасида эса респондентларнинг 46 фоизи Венгрия Европа шериклари билан янада яқинлашиши лозим, деб ҳисоблайди. 17 фоиз мамлакат Ғарб, Россия ва Хитой ўртасида мувозанат сақлаши кераклигини айтган бўлса, 7 фоиз Россия ва Хитой билан алоқаларни кучайтириш тарафдори эканини билдирган.

Россия билан муносабатларга оид саволга жавобан, 9 фоиз венгриялик уни иттифоқчи деб атаган, 37 фоиз стратегик ҳамкор сифатида кўрган. Шу билан бирга, 8 фоиз Россияни рақиб, 22 фоиз эса Венгрия қарама-қаршиликда бўлган давлат сифатида баҳолаган.

Мутахассислар фикрича, мазкур натижалар Венгрия жамиятида Европа Иттифоқига нисбатан қўллаб-қувватлаш юқори бўлиб қолмоқда, бироқ ташқи сиёсатда турли қарашлар мавжудлигини кўрсатади.

Киритилди: 21:23 09.04.2026. Ўқилди: 241 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!