Сурия ички хавфсизлик кучлари Ас-Сувайда шаҳрида барқарорликни тиклашга муваффақ бўлди, бироқ ноқонуний гуруҳлар оташкесим ва таслим бўлиш келишувларини бузди.
Бу ҳақда Араб Республикаси Ички ишлар вазирлигининг SANA агентлиги тарқатган баёнотида айтилган.
"Ноқонуний гуруҳлар ўрнатилган назорат-ўтказиш пунктлари ва полиция ходимларига ҳужумни қайта бошлади, бу эса Ас-Сувайдадаги вазиятни нормаллаштириш бўйича келишувларнинг бажарилишини тўхтатди", — дейилади матнда. Ҳукуматнинг тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича жадал ҳаракатлари фонида шаҳарнинг айрим ҳудудларида тўқнашувлар шу кунгача давом этмоқда.
Баёнотда Исроилнинг Ас-Сувайдадаги воқеаларга аралашуви қораланади. Қайд этилишича, Исроил ҳаво кучлари друзлар тоғли ўзини-ўзи мудофаа кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳаво ҳужумларини амалга оширган. “Босқинчиларнинг хавфсизлик кучлари ва армия махсус бўлинмалари позицияларига ҳужумлари бир неча ҳарбий хизматчиларнинг ўлимига олиб келди”, — дейилади матнда.
Аввалроқ Ас-Сувайдада комендантлик соати жорий қилинган, ички ишлар вазирлиги ва ўтиш даври ҳукумати Мудофаа вазирлиги қўшинлари шаҳарнинг марказий қисмини тозалаш ва у ердан ўзини-ўзи мудофаа бўлинмаларини ҳайдаш бўйича операция ўтказган эди. Друзлар жамоасининг шайхлари ҳукумат қўшинларининг Ас-Сувайдага киришини олқишлаб, маҳаллий жангчиларни “қаршилик кўрсатишни тўхтатиб, қуролларини расмийларга топширишга” чақиришди. 13 июль куни жанубдаги Ас-Сувайда вилоятида тўқнашувлар содир бўлди, шиддатли отишмаларда камида 46 друз, 28 бадавий ва яна 4 тинч аҳоли ҳалок бўлди. Можарони тугатиш учун Дамашқдан жанубга юборилган ҳукумат кучларининг йўқотишлари 18 жангчини ташкил этди.