Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 12-туридан ўрин олган навбатдаги учрашувлар бўлиб ўтди. Унда сафарда тўп сурган "Динамо" ҳамда "Сурхон" жамоалари муҳим ғалабаларни қўлга киритишди.
Навоийда кечган баҳсда Самарқанднинг "Динамо" жамоаси мезбон "Қизилқум" устидан 2:1 ҳисобида зафар қучди. Эътиборли жиҳати, ўйиндаги барча голларга самарқандликлар футболчилари муаллифлик қилишди. Фирдавс Абдураҳмонов ҳамда Анвар Ҳожимирзаев рақиб дарвозасини аниқ нишонга олган бўлса, Ҳарис Ҳайдерович ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
Ушбу ғалабадан сўнг "Динамо" очколарини 14 тага етказиб, турнир жадвалининг 11-ўринига кўтарилиб олди. 13 очкога эга "Қизилқум" эса 13-поғонада бормоқда.
Турнинг яна бир қизиқарли учрашуви Андижонда ўтказилди. Маҳаллий "Андижон" клуби меҳмони бўлган Термизнинг "Сурхон" жамоаси ҳам худди шундай 2:1 ҳисобидаги ғалабани тантана қилди.
Учрашувнинг 64-дақиқасида меҳмонлар ҳужумчиси Ричард Фрайдей ҳисобни очган бўлса, 73-дақиқага келиб Усмонали Исмоналиев мувозанатни тиклашга эришди. Бироқ орадан ҳеч қанча ўтмай, яъни 77-дақиқада Сарвар Абдуҳамидов термизликларга ғалаба келтирган голни урди.
Муваффақиятли юришдан кейин очколарини 15 тага етказган "Сурхон" жадвалда 10-ўринни банд этиб турибди. Мағлубиятга учраган "Андижон" эса 16 очко билан 9-поғонада жойлашган.