«Судлар фаолиятига оид конституциявий кафолатлар кучайтирилгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинди.
Ушбу қонун билан «Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунга Судялар Олий кенгаши таркиби, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, аъзолари ва котиби президент таклифига кўра Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Судялар Олий кенгаши раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, «Судлар тўғрисида»ги қонунга одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилиши белгиланяпти. Шунингдек, шахсларнинг нафақат давлат органлари, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.