Жанубий Суданда Жуба яқинида ҳалокатга учраган йўловчи самолёти бортидаги барча 14 киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда мамлакат Фуқаро авиацияси бошқармаси маълум қилди.
CityLink Aviation томонидан бошқариладиган Cessna 208 Caravan самолёти Йеи шаҳридан Жуба шаҳрига йўл олганида, парвоздан тахминан 30 дақиқа ўтгач, алоқа узилиб, пойтахтдан тахминан 20 километр узоқликда ҳалокатга учради.
Самолёт бортида 13 йўловчи ва битта учувчи бўлган - 12 нафар Жанубий Судан фуқароси ва иккита Кения фуқароси. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга ёмон кўриниш сабаб бўлган бўлиши мумкин. Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.