Азал-азалдан суд жараёнларида адолат, одилликни таъминлаш муҳим вазифа саналган бўлиб, ҳозирги одил судловни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бундай ёндашув ўз актуаллигини йўқотмаганидан далолат беради. Одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминлашда кўринади.
Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.
Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада кучли мазмун-моҳият билан изчил давом эттирилиши таъкидланди. Унда эътироф этилганидек: “Бир суд – бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд идораларига нисбатан ишончи ошишига, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Маълумки, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонининг қабул қилиниши суд-хуқуқ тизимини такомиллаштириш ва либераллаштириш зарурияти билан асослидир. Мазкур Фармон мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини оширишни суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида асосий устувор йўналишлари белгиланган эди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни таъминлаш мақсадида, Олий судда маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ҳудудларда маъмурий судлар ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини ҳар бир соҳадаги янгиланиш учун муҳим қадам бўлиш баробарида, унда илгари таъкидланган вазифалар халқимиз яшаш шароитларини яхшилашга қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Вилоят судларининг ҳозирги тузилмасида ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган ҳолатлар мавжуд эди. Хусусан, бу кўпроқ судларнинг тарқоқлигидан фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлаётгани, алоҳида фаолият юритиши синовдан ўтган хорижий амалиётга тўғри келмаслиги каби муаммолар билан боғлиқ. Энди эса мамлакатимизда вилоят даражасидаги жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Мурожаатномада давлатимиз раҳбарини бу каби долзарб бўлган бир қанча муҳим таклифларни илгари сургани мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасига жиддий эътибор қаратилиб келинаётганини яна бир карра исботлайди.
Мурожаатномада илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар бугунги кунда олдимизда турган мақсад ва вазифалар ҳақида аниқ тасаввур бериш баробарида, ҳар биримизга алоҳида масъулият ҳиссини ҳам юклайди. Президентимиз табири билан айтганда, пандемия шароитида жаҳондаги вазиятга сергаклик билан қараб, барчамиз – ким бўлишимиз, қайси вазифада ишлашимиздан қатъи назар, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз зарур.
Хулоса қилиб айтганда, мурожаатномадаги ташаббуслар фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигига эришиш орқали жамиятда адолатни таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Сардор Суванов,
Гулистон туманлараро маьмурий судининг судьяси