Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
📌 Бугун юртимизда суд-тиббий экспертиза соҳасини ривожлантириш, уни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, замонавий илмий-техник ечимларни амалиётга татбиқ этиш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда.
🏢 Хусусан, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази томонидан бу йўналишда эришилаётган ютуқлар салмоқли.
💬 — Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарорида соҳани босқичма-босқич модернизация қилиш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва илғор хорижий тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш каби қатор вазифалар берилган эди, — дейди муассаса директори Шерзод Рўзиев.
➡️ — Шунга мувофиқ, бугунги кунда суд-кимё йўналишида масс-селектив детекторли газ ва суюқлик хроматографияси асосида таҳлилларни йўлга қўйиш, бу орқали биологик намуналарда синтетик гиёҳванд ҳамда кучли таъсир этувчи моддаларни аниқлаш имкониятлари сезиларли даражада ошди. Бу эса мазкур зарарли воситаларни фош этишда юқори ишончлиликни таъминламоқда.
🧪 Шунингдек, ҳодиса жойидан биологик далилларни йиғиш, қадоқлаш ва сақлаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилиб, суд-биология амалиётида сўлак доғларини иммунохроматографик экспресс тестлар орқали текшириш муваффақиятли қўлланиляпти.
💻 Яна бир янгилик. Ўтган йили марказга БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (UNODC) кўмагида амалга оширилаётган дастур доирасида Япониянинг “Shimadzu Corporation” компаниясининг қиймати 121 минг АҚШ долларига тенг замонавий хромато-масс спектрометр ускунаси ўрнатилди.
🗺 Лойиҳанинг кейинги босқичида марказ ва унинг филиаллари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хусусан, Сурхондарё вилояти чегара олди ҳудудларида лаборатория имкониятларини янада ошириш кўзда тутилган.
🌐 Халқаро ҳамкорлик доирасида муассасамиз “Ҳиндистон суд экспертлари академияси (Indian Academy of Medico-Legal Experts)нинг Ҳинд-Тинч океани минтақавий аъзолигига қабул қилинди. Россия, Хитой, Туркия, Япония, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон давлатларининг етакчи суд-экспертлик марказлари билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилди.
🤖 Жорий йил муассаса ҳудудида молекуляр-генетик тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида янги лаборатория биносини қуриш режалаштирилган. Ушбу бўлим ишга тушгач, суд-генетик экспертизаларни амалга ошириш, шу жумладан, шахсни идентификация қилиш, оталик (оналик) ва қариндошликни аниқлаш, жиноят жойидан олинган биологик ашёвий далилларни солиштириш, генетик маркерлар асосида таҳлиллар ўтказиш, суд-тиббий ва суд-биология соҳаларини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкони яратилади.
🖲 Қолаверса, бу йил сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш мақсадида Intelligent Sperm Detection (сунъий интеллект асосида сперматозоидларни автоматик аниқлаш) замонавий қурилмасини харид қилиш кўзда тутилган.
🌡Мазкур ускуна серологик ва суд-биология тадқиқотларининг ишончлилиги ва тезлигини ошириб, бу жараёнларда инсон омилини камайтиради ҳамда кам концентрацияли биологик намуналарда сперматозоидларни аниқлаш самарадорлигини сезиларли даражада яхшилайди.
🔬 Шу билан бирга, микроскопик тасвирларни сунъий интеллект алгоритмлари орқали таҳлил қилиш асосида биологик намуналарда сперматозоидларни юқори даражада аниқлаш, ҳисоблаш ва ҳужжатлаштириш имкони яратилади. Бу эса хулосаларнинг ишончлилигини ошириш, экспертлик жараёнларини жадаллаштириш ҳамда халқаро стандартларга мос ҳолда суд-биология экспертизаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади.
‼️ Айни пайтда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази лабораторияларини ISO/IEC 17025 халқаро стандарти талаблари асосида аккредитациядан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.