Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Суд жараёнини ёритишда журналистнинг нега «қўли» калта?

Суд жараёнини ёритишда журналистнинг нега «қўли» калта?

Ҳаёт биз ўйлаганчалик силлиқ эмас, унинг тоғдан ҳам баланд довонлари бор. Ҳаёт биз ўйлаган каби фақат яхшиликдан, фақат оқ ранглардан иборат эмас. Унинг разилликдан қувват олаётган аянчли кўзгулари  бор, ёмонлик деган  хосиятсиз  туйнуклари бор. Кўзингизни бир лаҳзада кўр қилиб қўядиган аччиқ ранглари, бўғзингизга афсус-надоматларни ханжардек ботирадиган аччиқ таъмлари бор…

Ҳаётнинг зарбалари бошига тушган,  кўнгли  яксон  бўлган хокисор одамлар кўпроқ бизнинг кўзимизга кўринишининг сабабини бир сўз билан таърифлаш қийин. Аммо аниқ биламиз, биз адолат излаётган, ҳақиқат истаётганлар тарафидамиз, уларни қўллаб-қувватлашга ҳар лаҳза шаймиз. Куюнчаклигимиз сабаби шундан бўлса ажабмас…

Ҳаёт чорраҳаларида минг хил ҳолатни кўрганмиз. Юрагимизга тош каби оғирлик қиладиган не-не воқеаларга дуч келганмиз, чорасиз қолганмиз. Уларни ёритишга ҳаракат қилганмиз. Бу ҳаракатларимиз гоҳида муваффақиятли, гоҳида эса тескариси бўлиб чиққан.

Чунки журналистман деб даъво қилаётган айрим блогерлар ижтимоий тармоқларда ўзларини ахборот “қироли”дек ҳис этиб, айрим мудҳиш ҳолатларни оламшумул воқеа, деб  тезкорлик билан  ёритишга ошиқмоқда. Бу тезкорликнинг ортида қанча-қанча кўнгилларни синдираётгани уларнинг хаёлига ҳам кириб чиқмаётгани ачинарли, албатта. Гоҳида эса бундай шошма-шошарликка журналистларимиз ҳам йўл қўяётганлигини инкор эта олмаймиз.

 Факт ва фикр…

Аслида  машъум воқеаларни  қаламга олиш, мулоҳаза қилишга талабгор эмасмиз. Аммо… Фикримизни ифодалаш учун мажбурмиз.

Навбаҳорда ўтган йили  халқ таълими бўлими мудири  бўлиб ишлаб турган раҳбар аёл ўз уйида турмуш ўртоғи томонидан қизчасининг кўз ўнгида пичоқлангани ҳақидаги даҳшатли воқеа  ижтимоий тармоқларда шу қадар тез ёритилдики, ҳали жабрийданинг танаси совимасдан, бу мудҳиш хабар бутун  дунёга тарқалди.

Факт ва фикр…  Жуда кўп ҳолларда факт бор, фикр  эса йўқ бўлади. Шов-шув қилишдан  мақсад нима? Қотиллик содир бўлди. Пичоқланган раҳбар аёлнинг исми шарифи, турмуш ўртоғи томонидан ваҳшийларча ўлдирилганлиги ҳақидаги факт ёритилди.  Бу воқеани айтаётган оғизлар, эшитган қулоқлар ларзага келди-ю, энди кўриб турган гувоҳ бўлганларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Журналист ҳамкасбимиз  ўзи фикр билдириш  ўрнига  бу вазифани бажариш учун оиланинг вояга етмаган фарзанди ёш қизчани танлаганига таажжубдамиз. Қалби, руҳияти шундоқ ҳам жароҳатланган боладан бу фожиа тафсилотини сўраб, интервью олиш ва онасининг ўлимини таърифлаб беришни  сўраш учун қанчалар тошбағир бўлиши керак одам.

Ўзи шундоқ ҳам онасининг фарёдидан даҳшатга тушган, отасининг қонхўрлигидан  ўзини йўқотган мажруҳ қалб эгасининг руҳий аҳволини тасаввурга сиғдириш қийин.  Унга шифокор ёрдамини кўрсатиш ўрнига, азобли саволларни бериш мантиққа, инсонийликка қанчалик тўғри келади?

Бу ерда ҳамкасбларимиз оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунлардан яхши хабардор бўлишлари зарур, бундай хабарларни тарқатаётганда, қандай йўл тутишлари лозим, деган хулосалар ва саволлар бор.

— Жамиятда барқарорлик, адолат қарор топишида  оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги муҳим. Фожиа жойидан репортаж тайёрлашда интервью олиш учун журналистда маҳорат, тезкорлик, эҳтиёткорлик, руҳий барқарорлик ва ҳамдардлик бўлиши керак, — дейди журналист, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова. — Муҳими этика қоидасига риоя қилиш ҳам зарур. Шунингдек,  у жабрдийдалар, гувоҳлар, ҳатто ўз аудиторияси руҳиятини ҳам ҳисобга олиши керак.

Аудиторияни ларзага соладиган маълумотлар суратлар, тасвирларни узатиб, гувоҳлар, жабрланганлар ва уларнинг яқинлари иштирокида ўнлаб репортажлар, интервьюлар тайёрлаб, кўп ҳолларда журналистларнинг ўзлари ҳам руҳшунос кўмагига муҳтож бўлиб қоладилар.

Ёки таҳқирланган қизни сўроқ қилаётган терговчилар ҳақидаги баъзи мулоҳазалар ҳақида фикрлашмоқчи бўлсак, янада оғир вазиятга дуч келамиз. Тўғри, жиноятни очиш учун воқеа тафсилоти ва оддий деталларгача муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Лекин бу мудҳиш ҳолатни жабрдийдага такрор-такрор эслатиш ва  ундан инсон зотининг бу ваҳшийлиги, тажовузи ҳақида қайта-қайта сўрашнинг  ҳам чегараси бордир.

Бу кўргиликнинг ўзи қолиб, тергов органларида айримларнинг жонидан ўтказиб юборган саволу сўроқларнинг ҳам  тошу тарозусига қараш керакка ўхшайди.

Яна бир нарса кўпчилигимизни доимо ўйлантириб, норозилигимизга сабаб бўлиб келган.  Адолатли судларимиз нега очиқ эмас?

Судлар  нега ва  қачон ёпиқ ўтказилади?

  Халқаро ҳуқуқ нормаларида “Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 10-11-моддасида ҳам судлар очиқ ўтказилиши белгилаб қўйилган.  Конституциямизнинг 29-моддасида: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”, дейилган.   Бош қомусимизнинг 113-моддасида эса: “Ҳамма судларда  ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади”, дейилади.  ЖПКнинг 19-моддаси ҳам  судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши деб номланган. Афсуски,  шунга қарамасдан судлар аксарият ҳолларда ёпиқ ҳолда ўтказилиши одатга айланган. Бундан ким манфаатдор? Албатта, судлар.  Савол туғилади. Нега судлар ҳамма нарса қонуний ва адолатли бўлса, нима учун очиқчасига ўтказилмайди? Нима сабабдан журналистларнинг судда иштирок этиши тақиқланади? Улар ниманинг ошкор бўлишидан ҳадиксираяпти? Инсон ҳуқуқлари бузилишининг ошкор этилишиданми?

Хуллас, бу каби саволлар кўп.

Журналистларни  қайта тайёрлаш маркази томонидан   USAID   молиявий кўмаги асосида вилоятларда  ўтказилган  “Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳоти: оммавий ахборот воситаларида ёритиш” мавзусидаги вебинарда  ҳуқуқшунос, журналист Карим Баҳриев ва  Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети доценти, медиа-тренер Наргис Қосимовалар томонидан  юқоридаги саволларга  жавоб  бериш билан бирга, вебинар иштирокчиларига журналистнинг суд жараёнидаги ахборотни олиш билан боғлиқ масалалар, суд залидан репортаж тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари, ҳуқуқий мавзуни ёритадиган журналистларнинг хавфсизлиги масаласи,  ахборот хавфсизлиги  асослари ва суд -ҳуқуқ тизимини ёритишда  ахлоқий тамойиллар тўғрисида  батафсил маълумот берилди.

Хулоса шуки, ҳаётда ҳар бир воқеа ёки ҳодисанинг ёритилишида  журналистнинг ўткир нигоҳи, факт ва фикрнинг холислиги, судларнинг очиқлиги ниҳоятда муҳимдир.

                                                                           Маруса ҲОСИЛОВА,

                                                                           журналист

Киритилди: 03:00 05.07.2020. Ўқилди: 1892 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!