Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига асосан 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб педагогик касбларга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажор-ўқитувчи сифатида фаолият юритиши белгиланган.
Шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Стажёр-ўқитувчиларни ишга қабул қилиш бўйича тегишли кўрсатма ишлаб чиқилди.
Унга кўра, илк бор ишга қабул қилинган стажор-ўқитувчилардан ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Стажёр-ўқитувчиларга улар касбий сертификат олгунига қадар олий маълумотли (тоифасиз) ўқитувчининг базавий тариф ставкаси қўлланилади.
“Ўқитувчи-Стажёр” билан Меҳнат кодексининг 104-моддасида мувофиқ меҳнат шартномасига киритилиши шарт бўлган ҳолатлар, жумладан ўқитувчи-стажорларнинг бир йил давомида касбий сертификат олиши мажбурияти кўрсатилган ҳолда меҳнат шартномаси тузилади.
Шу муносабат билан, вазирликнинг 2023-йил 9-августдаги тегишли хати билан ўқитувчи-Стажёрларни ишга қабул қилиш жараёнини мазкур кўрсатмаларга мувофиқ амалга ошириш вазифалари юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, Фармонга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига 2023-йил 1-ноябрга қадар умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритадиган педагог кадрларни касбий сертификатлаш синовларидан ўтказиш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳамда 2024-йил 1-январдан бошлаб тизимни амалиётга жорий этиш топширилган.