Бугун 19 ноябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

ССВ тиббий хизматлар кўрсатилишини «сирли мижоз» усулида ўрганиб кўрмоқчи

ССВ тиббий хизматлар кўрсатилишини «сирли мижоз» усулида ўрганиб кўрмоқчи

Жорий йил 4 ноябрда Соғлиқни сақлаш вазирининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида «сирли мижоз» институтини жорий этиш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинган. Шунингдек, «сирли мижоз» томонидан мониторинг ўтказишнинг аниқ мақсадлари, параметрлари, объектлари ва мезонларини қамраб олган Низом ҳам тасдиқланган.

ССВ матбуот хизматининг билдиришича, бу турдаги мониторинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари (заруратга қараб унинг органлари, ташкилотлари ва муассасалари) томонидан ташкил этилади.

Тадбир жараёнида ҳуқуқбузарликларни ҳамда ваколатни суиистеъмол қилишга ундовчи усулларни қўллаш тақиқланади.

Ушбу тадбир маъмурий тартиб-қоидалар амалга оширилиши, соғлиқни сақлаш тузилмалари ва уларнинг ходимлари томонидан тиббий хизматларни кўрсатишда қонунчилик талабига риоя қилиниши, ходимлар маҳорати ва тезкорлиги ҳамда уларнинг аҳоли билан муомала қилиш этикети даражасини баҳолаш имконини беради.

Маълумотларни йиғиш учун ҳақиқий мижоз кўринишидаги «сирли мижоз»дан фойдаланилади.

«Сирли мижоз» ўрганишлари нафақат муассасага борган ҳолда, балки телефон қўнғироғи, электрон почта мурожаати ва бошқа усуллар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ўрганиш натижалари тегишлича расмийлаштирилади ва аниқланган қонунбузилишлар бўйича далолатнома у тақдим этилган кундан бошлаб беш иш кун давомида Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Агар ҳуқуқбузарлик ҳолати мавжуд бўлса, айбдор ходимнинг жавобгарлик масаласи кўрилади, борди-ю жиноят аломатлари аниқланса, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Вазирлик, ўз навбатида, фуқаролардан тиббиёт муассасаларида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келса, «1203» қисқа рақамига ёки t.me/ssvantikor_bot телеграм ботига мурожаат қилишларини сўрамоқда. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Киритилди: Бугун 16:00. Ўқилди: 221 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!