Бугун 23 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

ССВ: Қарши шаҳар туғруқ мажмуаси бош шифокори, уч нафар шифокор ва бир ҳамшира вазифасидан озод этилди

ССВ: Қарши шаҳар туғруқ мажмуаси бош шифокори, уч нафар шифокор ва бир ҳамшира вазифасидан озод этилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар туғруқ мажмуаси ходимларининг беморлардан таъмагирлик қилиш ҳолатлари ҳақида берилган танқидий видеолавҳа ўрганилди.

«Аниқланишича, мазкур ҳолат ҳақиқатан ҳам Қарши шаҳар туғруқ мажмуасида рўй берган. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ҳам мазкур вазият ўрганилмоқда. 

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан ҳам мазкур ҳолат текширилиб, шифокорлар обрўси ва шаънига тўғри келмайдиган бундай нохуш ҳолат содир этилишига йўл қўйган ходимларга нисбатан қатъий чора кўрилди. Жумладан, туғруқ мажмуасининг уч нафар шифокори ва бир нафар ҳамшираси ҳамда тегишли қонун талабларига риоя этилиши борасида назоратни сусайтиргани учун Қарши шаҳар туғруқ мажмуаси бош шифокори Салима Ачилова эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Шу билан бирга, мурожаатда қайд этилган она ва боланинг саломатлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинди. Ўрганишлар жараёнида шу нарса ҳам аниқ бўлдики, Қарши шаҳар туғруқ мажмуасида Ўзбекистон Республикаси «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига риоя этилиши ҳолати қониқарли эмас. Масъул раҳбарларга бу борада ҳар бир ходим билан жиддий тушунтириш олиб бориш, ички жамоатчилик назоратини кучайтириш вазифаси топширилди.

Айтиш керакки, бугун мамлакатимизда тиббиёт ходимларининг самарали меҳнат қилиши, уларни ижтимоий муҳофазалаш борасида катта имкониятлар яратилмоқда. Тиббиёт ходимларининг иш ҳақлари босқичма-босқич оширилмоқда, соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар барчани мамнун этди. Бугунги кунда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудудида шаҳар туғруқхонаси учун 4 қаватли, 200 ўринли бино, шунингдек, вилоят перинатал маркази, вилоят скрининг маркази ва репродуктив саломатлик марказ бинолари қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу ҳам тиббиёт ходимларининг яхши шароитларда меҳнат қилиши учун муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Шундай имтиёз ва имкониятлар яратилаётган бир пайтда юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг рўй бергани жуда афсусланарлидир. Шифокор қанчалик билимли, малакали ва моҳир мутахассис бўлмасин, агар у таъмагирлик қилса, аввало ўзига, қолаверса, бутун тиббиёт тизимига нисбатан одамларда ишонч ва ихлосни йўқотади. Шу боис, тизимда бундай ходимлар ишлашига йўл қўйиб бўлмайди.

Ўз навбатида, фуқароларимизга мурожаат қилиб, шуни айтган бўлардикки, тиббиёт муассасаларида бундай муаммоларга дуч келинганида, ҳар бир шифохонадаги, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 рақамли «Ишонч телефони»га боғланиб, хабар беришингизни сўраймиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Киритилди: 19:10 10.10.2019. Ўқилди: 3486 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!