Литва ҳарбий тўқнашув ёки йирик инқироз юз берганда пойтахт Вильнюс аҳолисини эвакуация қилиш режасини тайёрлади. Пойтахт эвакуациясининг учта асосий йўналишдан бири Польша чегараси томонга олиб боради. Бу ҳақда “ Полские Радио ”га таяниб “ РБК Украине ” хабар берди.
Польшанинг Подляс ваэводлиги ҳукумати бу ҳудудни Болтиқбўйи мамлакатлари аҳолиси учун транзит коридори сифатида тайёрламоқда. Режага кўра, эвакуация қилиш тартиби хавфнинг жойлашуви ва кўламига боғлиқ бўлади. Польшадан ташқари, Литванинг шимоли ва ғарбига олиб борувчи йўллар ҳам кўзда тутилган.
“Пойтахтдан чиқувчи эвакуация йўлларидан бири Польшага олиб бориши керак”, деди Вильнюс шаҳар муниципалитетининг Фуқаро муҳофазаси департаменти вакили Жигимантас Соловёвас.
Шу билан бирга, эвакуация бевосита хавф пайдо бўлишидан олдин бошланиши зарур.
“Вильнюсликлар ҳужум пайтида эвакуация йўналишларидан бири орқали шаҳарни тарк эта оламиз деб ўйламаслиги керак”, деди Соловёвас.
Тинч аҳоли тўғридан-тўғри ҳужум пайтида бошпаналарга яшириниши лозим. Шаҳар администрацияси вакилининг сўзларига кўра, режанинг мақсадларидан бири аҳолини эвакуация уюштирилган ва назорат қилинадиган жараён бўлиши кераклигига тайёрлашдир.
Польшанинг Подляс ваэводлиги Болтиқбўйи давлатлари учун минтақавий эвакуацияни режалаштириш тизимига киритилган.
“Полские Радио” нашрининг қайд этишича, бу қарор Польшанинг шарқий чегараси яқинидаги уруш ва вазиятнинг янада кескинлашув хавфи билан боғлиқ.