Мусулмон кишига кофирларнинг таомхоналарида ишлаш, спиртли ичимликлар қуйиб бериш, келтириш ёки чўчқа (ёки бошқа гўшти ҳаром ҳайвонлар)нинг гўштидан тайёрланган таомларни келтириб бериш ёки шу каби бошқа ҳаром ишларни қилмаслик шарти билан жоиз. Зотан, ичадиганларга ароқ қуйиб бериш ёки уни олиб бориб тақдим қилиш ҳаромлиги очиқ-ойдин далил ила ҳаромдир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хамрни, ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтариб олиб борувчисини лаънатлади”, деб айтганлар (Абу Довуд).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамрда ўн тоифани лаънатлаганлар: Сиқувчисини, сиқтирувчисини, ичувчисини, кўтарувчисини, кўтариб олиб борувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, баҳосини егувчисини, унинг учун сотиб олинган эркакни ва унинг учун сотиб олинган аёлни” (Термизий).
Бу ҳадис Анаснинг ҳадисидан ғарибдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу маънодаги бошқа ҳадислар Ибн Аббос, Ибн Масъуд ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумлар томонидан ривоят қилинган.
Ибн Можа, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадисини: "Сиқувчисини, сиқтирувчисини, унинг учун сиқилганни, кўтарганни, унинг учун кўтарилганни, сотиб олувчини, унинг учун сотиб олинганни, қуйиб берувчисини ва қуйдириб берувчисини" лафзлари билан ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бақара сурасининг охирги оятлари нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқиб, у оятларни одамларга ўқиб бердилар ва хамр ила тижорат қилишдан қайтардилар”. (Бухорий ва Муслим).
Имом Муслим ибн Аббос розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда бундай ривоят қилган:
“Албатта хамрни ичишни ҳаром қилган зот, уни сотишни ҳам ҳаром қилди”.
Абдуроҳман ибн Ваъладан ривоят қилинишича, у Ибн Аббосдан: "Биз бир ерда яшаймиз, у ерда узумзорларимиз бор. Ўша узумзорларнинг энг кўп маҳсулоти хамр бўлади", дея сўради. Шунда Ибн Аббос унга бундай жавоб берди: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хамр идишини ҳадя қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Буни ичишни ҳаром қилган зот, сотишни ҳам ҳаром қилди”, деб айтдилар” (Имом Аҳмад “Муснад”ида ривоят қилган).
Ушбу келтирилган ҳадислардан маълум бўлдики, хамрнинг савдоси, уни кўтариб хизмат қилиш ёки ҳақ олиб уни қуйиб бериш ҳаромдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг фатволаридан кўриниб турибдики, бу нарсаларнинг ҳеч бири, гарчи ўша касб қилинаётган нарса узумдан хамр қилиш жуда кўпайган жой (ажнабий юртлар)да бўлса ҳам, мусулмон киши учун ҳалол бўлмайди.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний.
"Буҳусун фил қозоя фиқҳийя муъасиро", 1/338.
Таржимон иловаси: Хорижий юртларда ишлаб юрган биродарларимиз мана шу фатвога эътиборли бўлишлари лозим. “Мен ишлаб пул топишга келганман, оиламни боқишим керак”, дея дуч келган ишларни қилиб кетавермаслик, оилага ҳалол касбдан пул топиб едириш, фарзандлар луқмасига ҳаром аралаштиришдан ҳазир бўлиш лозим.
Ажнабий юртларда спиртли ичимликлар тайёрлаш ва етказиш, чўчқа ва ит каби гўшти ҳаром қилинган ҳайвонлардан таомлар тайёрлаш, келтириб беришга ўхшаш мусулмонлар учун ман этилган ишлардан пул топмасликлари керак.
Излаган имкон топади. Ҳар доим ҳамма замонда ҳам ҳалол меҳнат қилиб пул топиш мумкин бўлган иш топиш мумкин. Тўғри, жуда сердаромад бўлмаслиги мумкин, аммо ҳалол касб!
Таржимон: Суннатуллоҳ Абдулбосит