Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Сирдарёда 27 йилдан ортиқ умрини қамоқда ўтказган 67 ёшли отахон яна жиноятга қўл урди

Сирдарёда 27 йилдан ортиқ умрини қамоқда ўтказган 67 ёшли отахон яна жиноятга қўл урди

Ҳаммага маълумки, халқимизда қадим-қадимдан кекса ёшдаги инсонларни улуғлаб, улар доимо ҳурмат-эҳтиромда бўлишади, юртимизда кексалар доимо халқ ардоғида ҳамда улар доимий равишда давлатимиз эътиборида.

Аммо афсуски, аччиқ бўлса-да, ўйлаб кўринг ёши кекса киши, аввал бир неча маротаба судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан, яна жиноятга қўл урса, бундан энг ачинарлиси бўлмаса керак...

Гулистон шаҳрида яшовчи 67 ёшли С.Бобоев ҳам ана шундай нопок йўлни танлади. Йўқса, у илгари саккиз маротаба судланиб, “ўта хавфли рецидивист” тамғасини ҳам олган, ҳаётининг 27 йилдан ортиғи ҳам панжара остида ўтган, лекин ўзига шундан хулоса чиқармасдан, кексалик гаштини тинчлик билан ўтказмасдан, невараларини тўғри йўлга етаклашни ўрнига, яна жиноятга қўл урди.

С.Бобоев ўта хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2021 йил 19 август куни соат 21:30 ларда маст ҳолатда Гулистон шаҳридаги Б.Исаеванинг яшаш хонадонини олдига келиб, дарвозада қулф осилганлигини кўриб, воқеа жойида бармоқ изларини қолдирмаслик мақсадида ўзи билан олиб келган тиббиёт қўлқопни кийиб олиб, сўнг ғайриқонуний равишда девордан ҳовлига ошиб ўтиб, уйнинг кириш эшигини осма қулфини бузиб, уйнинг ичкарисига кириб, ўзганинг 3.500.000 сўмлик бир дона “Артел” русумли телевизорини ўғирламоқчи бўлган вақтида, уйга келган фарзанди Р.Исаевни кўриб қолиб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, жиноятни охирига етказмасдан, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, 2021 йил 21 август куни соат 10:15 ларда Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2021” тадбири давомида Гулистон шаҳридаги С.Бобоевнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, яшаш хонадонида экилган атиргуллар орасида уч туп яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли наша гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётганлиги аниқланиб, ушбу уч туп гиёҳвандлик ўсимликлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида С.Бобоев қўлга олинади, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 169-моддаси 4-қисми «а» ва 270-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилади. Суд эса, уни айнан шу моддалар билан айбдор деб топиб, яна ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этади, бироқ…

С.Бобоев бундан норози бўлиб, кекса ёшини ва бу ишларидан товба қилганлигини важ қилиб, умрининг қолган вақтини озодликда ўтказишни сўраб, апелляция шикоятини берди.

Апелляция инстанцияси суди, биринчи босқич суди томонидан С.Бобоевга жазо тайинлашда қилмишнинг сабабини, унинг шахсини, муқаддам судланганлигини, жиноятни ғараз ниятда содир қилганлигини, муқаддам саккиз маротаба судланганлигини, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан,жазони ўташ вақтида янги жиноятни қасддан содир этганлигини, жиноятларнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, қонун санкцияси назарида тутилган энг кам озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, қонуний ва асосли хулосага келганлигини эътироф этди.

Қилмишларидан тўғри хулоса чиқармаган С.Бобоевнинг тақдири айримлар учун сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз. Чунки ҳалол ва тўғри яшаш ўрнига жиноятчиликни касб қилган кимнинг аҳволи ҳамиша ачинарлидир.

Бахтиёр Мамадаминов,
Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Киритилди: 15:31 18.01.2022. Ўқилди: 3999 марта. Фикрлар сони: 4 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!