АҚШнинг жаҳонга машҳур The New York Times нашри Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳақида таҳлилий материал эълон қилди.
- Абдуқодир шунчаки “янги юлдуз” эмас, балки аллақачон миллий тимсолга айланиб бўлди. Ҳусанов бугун Ўзбекистон учун машҳур шахс бўлиб, мамлакатнинг жаҳон чемпионатидаги умидлари кўп жиҳатдан айнан у билан боғлиқ. Бошқа терма жамоалар йирик турнирлар олдидан юлдуз ҳужумчилар ёки ижодкор плеймейкерларга таянаётган бир пайтда, Ўзбекистон ўз орзуларини марказий ҳимоячи билан боғламоқда. Ва бу мутлақо муболаға эмас.
Ўзбек футболи учун Ҳусанов энди оддий ҳимоячи эмас. У мамлакатнинг асосий футболчиси, унинг юзи ва эҳтимол, замонавий даврнинг энг катта футбол умидидир.
Гап шундаки, Ҳусанов анъанавий марказий ҳимоячи тасаввуридан анча чиқиб кетган. Уни фақат тезлиги, жисмоний кучи ва ўйин эпизодларини аъло даражада ўқиши учунгина эмас, балки ҳужумларни бошлаб бериш маҳорати туфайли ҳам қадрлашади — аниқ узоқ паслари билан у дарҳол рақиб чизиқларини ёради.
Габон терма жамоаси бош мураббийи Анисе Яла очиқчасига тан олдики, Ҳусанов жуда юқори даражадаги футболчи: ёш, кучли, иқтидорли ва аллақачон дунёнинг энг йирик клубларидан бири — “Манчестер Сити”да тўп сурмоқда.
Криштиану Роналдуни бошқа ҳар қандай футболчидан кўра кўпроқ яхши кўрадиган мамлакатда айнан Ҳусанов португалиялик суперюлдузнинг ўзбекча версиясига айланди. Бу ерда гап ўйин услуби ҳақида эмас, балки таъсир кўлами ҳақида кетмоқда. Аслида, Абдуқодир Ҳусанов аллақачон — ёки шунга жуда яқин — мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи ҳақиқий жаҳон миқёсида машҳур футболчига айланди. 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин мамлакатда кучли ва ҳурматга сазовор ўйинчилар бўлган. Масалан, Одил Ахмедов терма жамоада 100 дан ортиқ ўйин ўтказган ва “Анжи”да Самюэл Это’О ҳамда Роберто Карлос билан бирга ўйнаган. Элдор Шомуродов терма жамоанинг энг яхши тўпурарига айланган ва А Сериягача етиб борган. Бироқ улардан ҳеч бири Ҳусанов каби шундай шиддатли йўлни босиб ўтмаган.
Атиги уч йил ичида у яқингача Ўзбекистон футболчиси учун деярли имконсиздек туюлган ишни амалга оширди. Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан Франциянинг “Ланс” клубига, у ердан эса дунёнинг энг катта клубларидан бири “Манчестер Сити”га ўтди. Бундан ташқари, Ҳусанов Англияда “номигагина” бўлиб қолмади — у Премьер-лига ва Чемпионлар лигаси ўйинларида мунтазам майдонга тушмоқда ва ҳатто Англия Лига кубогини ҳам қўлга киритишга улгурди. Ва буларнинг барчаси — 22 ёшида.
Ўзбекистон учун бу оддий трансфер муваффақияти тарихи эмас. Бу миллий миқёсдаги ёриб чиқишдир. Тошкентда уни деярли ҳамма танийди — нафақат мухлислар, балки футболдан узоқ одамлар ҳам. Бу эса ажабланарли эмас: Ҳусанов бугун ҳақиқий машҳур шахс. Унинг сурати турли товарларни реклама қилувчи билбордларда, ҳатто Ўзбекистон илк бор иштирок этадиган жаҳон чемпионатини эслатувчи рекламада ҳам жойлаштирилган.
Ҳусановнинг оммавийлиги аллақачон спорт доирасидан ташқарига чиққан. Ўтган йили унинг тўйи миллий даражадаги катта янгиликка айланган бўлса, ўтган ойда биринчи фарзанди туғилиши маҳаллий ОАВда катта табриклар тўлқинига сабаб бўлди. Бу каби муносабат Ҳусановнинг жамият онгига қай даражада чуқур сингиб кетганини кўрсатади. У шунчаки муваффақиятли спортчи эмас — у Ўзбекистоннинг янги футбол даври рамзидир.
Унинг образи нега ватанида шунчалик ёрқин эканининг сабабларидан бири — бу каби йўл ҳалигача ўзбек футболчилари учун ноёб ҳисобланади. Айниқса бундай ёшда. Ҳусанов 18 ёшида Тошкентнинг “Бунёдкор” клубидан Беларусга йўл олган.
Ўзбекистон терма жамоасининг кўпчилик ўйинчилари ҳалигача маҳаллий Суперлигада ёки қўшни чемпионатларда, айримлари Эрон, Ироқ, БААда ўйнамоқда. Ўзбекистон учун Ҳусановнинг тарихи деярли инқилобдир.
Бироқ энг муҳими — бу барча медиа шов-шув ортида ҳақиқий футбол сифати ётибди. Ҳусанов трибунадан кузатган Габонга қарши ўйинда Ўзбекистон 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, ҳимояда унчалик ишончли кўринмади ва рақибга бир неча хавфли вазият яратиш имконини берди. Ўйиндан кейин маҳаллий журналистлар деярли якдил фикр билдириб, буни айнан Ҳусанов йўқлиги билан боғлашди. Яъни, у майдонда бўлганида манзара бутунлай бошқача бўлар эди. Ва уч кундан сўнг Венесуэлага қарши ўйинда бу фикр амалий тасдиқини топди. Ҳусанов одатий уч нафар ҳимоячидан иборат схема марказига қайтди — ва ҳаммаси яна ўз жойига тушди.
Ўйин 0:0 ҳисобида якунланди, аммо кечанинг асосий томошаси айнан Ҳусанов ўйини бўлди. 29 минг томошабин кўз ўнгида у ҳимояда ҳукмронлик қилди. У Венесуэла ва “Лос-Анжелес” ҳужумчиси Давид Мартинесни бемалол тўпдан четлатиб, трибуналарда ҳаяжон уйғотди. Кейин эса тахминан 50 метр масофага қанот ўйинчиси Остон Ўрунов зонасига аниқ пас берди — ва стадион ҳайратдан гувиллаб кетди. Қўшимча вақтда у Карлос Сосанинг хавфли зарбаси йўлига ўзини ташлаб, жамоасини деярли аниқ голдан қутқарди – ва яна ҳамма уни оёққа туриб олқишлади.
Венесуэла футболчилари қайта-қайта ҳимоя ортига узатмалар ташлаб, ўз ҳужумчиларининг тезлигига умид қилишди, аммо деярли ҳар бир ҳолат бир хил якун топди: Ҳусанов биринчи бўлиб тўпга етиб борди, рақибни четлатди, тўпни олиб қўйди. Кўп ҳолларда эса ҳужумчи майдонда ётиб қолар, трибуналар эса навбатдаги ютиб олинган эпизодга қўшиқдек жавоб қайтаришарди.
Айрим эпизодлардан бирида Ҳусанов умуман марказий ҳимоячидан кутилмайдиган ҳаракат қилди: у хотиржамлик билан тўпни рақиб устидан ошириб ташлади ва дарҳол жамоаси ҳужумини бошлаб юборди. Бундай ҳаракатлар унинг нооддий футболчи эканини янада кучайтиради. У шунчаки сифатли ҳимоячи эмас — у бутун жамоанинг темпи, ритми ва ишончини белгилаб бера оладиган бошқа даражадаги ўйинчи. Агар бошқа терма жамоаларда ҳимоя — пойдевор бўлса, Ўзбекистонда Ҳусанов бир вақтнинг ўзида ҳам пойдевор, ҳам рамз, ҳам жамоа юзидир.
Ўйиндан кейин Ўзбекистон пенальтилар сериясида Венесуэлани мағлуб этиб, FIFA Series совринини қўлга киритди. Ҳусанов учун бу “Манчестер Сити” билан Англия Лига кубогидаги ғалабадан сўнг бир ҳафта ичидаги иккинчи ютуғи бўлди. Бундан ташқари, у Габонга қарши ўйинни ўтказиб юборганига қарамай, турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Бу, эҳтимол, унинг ҳозирги мақомини энг яхши акс эттиради. Ўзбекистонда унинг қанчалик кучли экани аллақачон маълум эди. Энди эса буни “Манчестер Сити” мухлислари ҳам тушуна бошлади — улар бошидаги мураккаб даврдан сўнг унинг сифатларини қадрлашга улгуришди. Олдинда эса энг катта синов турибди.
Бу ёзда Абдуқодир Ҳусанов бутун бир мамлакат умидларини елкасида кўтарган ҳолда жаҳон чемпионати майдонига чиқади. Ўзбекистон учун бу тарихий илк иштирок бўлади ва барча эътибор айнан унга қаратилиши аниқ. Охирги ўйинлар, унинг ишончи, етуклиги ва ўйинга таъсирини ҳисобга олсак, Ҳусанов бунга тайёр. Ва эҳтимол, жаҳон чемпионати шундай турнирга айланадики, унда бутун дунё Ўзбекистонда аллақачон маълум бўлган ҳақиқатни тушуниб етади: Абдуқодир Ҳусанов — бу шунчаки мамлакатнинг энг яхши футболчиси эмас. Бу аллақачон бир тарихий ҳодисадир, - деб ёзди The New York Times нашрига таянган ҳолда Sports.uz.