Шивит (укроп) – овқатланишда энг кўп ишлатиладиган шифобахш кўкат. Бу ўсимлик таркибида жуда кўп витамин ва минерал моддалар мавжуд. Шивитнинг майин барглари ва нозик танаси аскорбин кислота, каротин, пектин, углевод, калий, фосфор, темир, кальций каби кўплаб витамин ва микроунсурлар манбаи. Шунингдек, шивитда кўп миқдорда оқсил, олеин ва линоль кислоталари, ўзига хос ифорга эга эфир мойлари бор.
Шивит таркибидаги магний тузи ва темир моддаси қон айланиш жараёнини кучайтиришга ёрдам беради. Бу ўсимлик айниқса юрак ва қон томирлар фаолиятини яхшилайди. Таркибидаги шифобахш моддалар миядаги қон томирларни кенгайтириб, юрак мушагини мустаҳкамлайди. Нафас олиш аъзолари касалликларида, қон босимининг кўтарилиши, кўришнинг пасайиши ҳолатларида ҳам шивит шифобахш омил сифатида ишлатилади.
Шивит (укроп) дамламаси сизга ёрдам беради. Доимий равишда ушбу дамламани ичадиганларнинг қон босими пасаяди, стрессдан халос бўлади, уйқусизлик ва мигрень йўқолади.
Дамламани тайёрлаш учун ярим чойқошиқ қуритилган шивит уруғини олинг, бир стакан қайноқ сув қуйинг, 20 дақиқа давомида қайнатинг. Сузиб олинг, шакар ёки асал қўшинг. Олинган дамламани 3 та тенг қисмга бўлиб, кунига 3 марта ичинг